Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Жўрабек Жангировнинг маълум қилишича, «Ихтирочиликка қадам» танловининг республика босқичи май ойининг 3-ўн кунлигида ўтказилади.
Танлов Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасалари, жумладан, Президент, ижод ҳамда ихтисослаштирилган мактаблари, давлат ва нодавлат умумтаълим мактабларининг 5–11 синф ўқувчилари ўртасида иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни ўзлари қизиққан соҳаларга йўналтириш, илмий-техник ижодкорлиги ва ихтирочилигини рағбатлантириш, инновацион фаоллигини ошириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилади.
Танлов ҳар йили мактаб ўқувчилари ўртасида таълим, ахборот технологиялари, яшил энергия, экология, иқлим ўзгариши, қишлоқ хўжалиги каби йўналишларда тўрт босқичда ўтказилади.
Танловда иштирок этиш истагида бўлган ўқувчилар ixtirochi.piima.uz махсус онлайн платформасидан рўйхатдан ўтишлари талаб этилади. Иштирокчилар индивидуал ёки жамоа сифатида иштирок этишлари мумкин. Бунда, жамоа аъзоларининг сони 3 нафардан ошмаслиги лозим.
2024/2025-ўқув йилида «Ихтирочиликка қадам» танловида иштирок этиш учун умумий ўрта таълим муассасаларидан жами 8 319 та лойиҳа иши ixtirochi.piima.uz сайтидан рўйхатдан ўтказилди.
Танловнинг учинчи (ҳудудий) босқичида жами 693 та лойиҳа иши иштирок этди. Танловнинг ҳудудий босқичида ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичига йўлланма олган ўқувчилар рўйхати ixtirochi.piima.uz сайтига жойлаштирилди.
