Замонавий ўқитиш жараёнида рақамли технологияларни жорий этиш ва уларни самарали қўллаш орқали таълим сифатини ошириш бугунги кундаги долзарб вазифалардан биридир. Мазкур йўналишда таълим муҳитини трансформация қилиш, инновацион ечимларни татбиқ этиш ва илғор тажрибаларни кенгайтириш зарурати ортиб бормоқда.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 16 апрель куни Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан «Таълим муҳитининг трансформацияси: замонавий ўқитишда рақамли технологияларнинг ўрни» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Мазкур анжуман халқаро тажрибани ўрганиш, рақамли ўқув муҳитини ривожлантириш ҳамда педагогик ёндашувларни трансформация қилиш мақсадида ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 апрелдаги ПҚ–128-сон қарорида белгиланган вазифаларга асосан, Марказ томонидан таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган қатор таҳлилий ва амалий тадқиқотлар ўтказилмоқда. Бу борада жаҳон илм-фани ва технологиялари ютуқларидан кенг фойдаланиш бўйича илмий ишланмалар ва тавсиялар тайёрланмоқда. Ушбу конференция Таълимни ривожлантириш маркази томонидан жорий йилда ташкил этилган биринчи илмий-амалий анжуман ҳисобланади.
Конференциянинг мақсади – дунё бўйлаб тадқиқотчилар, ўқитувчилар ва таълимга алоқадор экспертлар билан ўзаро билим ва тажриба алмашиш, замонавий рақамли технологияларнинг ўқитишдаги ўрнини чуқур таҳлил қилиш ҳамда умумий ўрта таълимда юзага келаётган муаммоларга замонавий ечимлар таклиф этишдан иборат.
Шунингдек, анжуман рақамли технологиялар орқали таълимда халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, соҳа ривожига ҳисса қўша оладиган эксперт ва педагогларни қўллаб-қувватлаш, амалга оширилаётган илмий-методик ишларни муҳокама қилиш, ҳамда мавжуд бўшлиқлар ва муаммоларни илмий асосда бартараф этиш имкониятларини яратишга хизмат қилади.
Тадбирда АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Сингапур, Туркия ва бошқа мамлакатлардан таниқли олимлар, рақамли таълим технологиялари мутахассислари, шунингдек, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан педагоглар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Анжуман доирасида:
– таълим жараёнига инновацион технологияларни татбиқ этиш,
– ўқитишнинг интерфаол шакл ва методларини таҳлил қилиш,
– таълимда сунъий интеллект воситаларидан фойдаланиш,
– таълим иштирокчиларида рақамли компетенцияларни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилинди.
Конференцияда ЮНEСКО, ЮНИСEФ, каби халқаро ташкилотлар вакиллари томонидан замонавий технологиялар асосидаги ёндашувлар, муваффақиятли лойиҳа тажрибалари ва глобал таълим тенденциялари ҳақида маърузалар тингланди ва Ўзбекистонда ишлаб чиқилган стартап лойиҳалар ва роботехникалар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Шунингдек, Таълимни ривожлантириш маркази томонидан ягона таълим экотизими сифатида тест режимида ишга туширилган «Ягона таълим ресурслари ва хизматлари портали»нинг тақдимот тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур порталда муҳим методик ресурслар, замонавий педагогик дастурий воситалар ва платформалардан фойдаланиш бўйича видеоқўлланмалар, мактаб дарсликлари ва лаборатория машғулотлари бўйича мультимедиа ва электрон ресурслар берилган.
Шунингдек, таълимда баҳолаш назарияси ва амалиёти бўйича видеоресурслар жойлаштирилган. Ҳозирда порталнинг имкониятларини кенгайтириш, интерфаол таълим ресурслари билан тўлдириш ишлари амалга оширилмоқда. Порталга исталган вақтда исталган жойдан ва қурилмадан кириб, фойдаланиш имконияти яратилган.
Конференция якунида рақамли технологияларни таълимга татбиқ этишда илғор ёндашувлар асосида тайёрланган 300 дан ортиқ илмий мақолалар тўплам ҳолида нашр қилиниши белгиланди. Ушбу тўплам педагоглар, тадқиқотчилар ва сиёсат ишлаб чиқувчилар учун муҳим қўлланма сифатида хизмат қилади.
Мазкур анжуман Ўзбекистонда рақамли таълим тизимини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва таълим сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.



