Ўзбекистон аҳолиси фарзандларига мактабга қатнашлари учун ажратиладиган чўнтак пули миқдори ҳақида фикр билдирди. Онлайн сўровлар ва суҳбатлар давомида ота-оналар болаларига ажратадиган пуллар ҳақида маълумот беришди.
Аниқланишича, бу маблағларнинг миқдори бола ёши, оиланинг моддий аҳволи, мактабнинг жойлашуви ва ўқувчининг шахсий эҳтиёжлари каби бир қанча омилларга боғлиқ.
Баъзи ота-оналар болаларга фақатгина мактаб ошхонасида булочка ёки ичимлик олиш учун етарли миқдорда пул беришларини айтган бўлса, бошқалар эса йўл ҳақи каби қўшимча харажатларни инобатга олган ҳолда каттароқ суммаларни ажратишади. Шунингдек, айрим оилалар болаларга нақд пул бермаслик тарафдори эканликларини билдиришган.
Болаларининг харажатларини мактаб овқатига тўлов қилиш ёки керакли нарсаларни ўзлари харид қилиш орқали назорат қилишади:
«Ҳар хил нарса олиб ейишади деб пул бермайман. Сендвич олиб боришади ёки эрталаб яхши нонушта қилишади, тушликка етади»;
«Фарзандимга 14 ёшда, ойига 50 минг сўм бераман, бўлди»;
«Менинг фарзандим 16 ёшда, 10-синфда ўқийди. Пул бермайман, чунки мактабдан кейин ишга боради. Кунига 1 миллион сўмгача топади, қанча сарфлаётганини билмайман»;
«6 кунлик мактаб учун 250 минг сўм»;
«Ҳафтада бир марта газаклар олинади, сув уйдан олиб чиқилади»;
«15 ёш. Ҳафтасига 120 минг сўм»;
«Кунига 10 минг сўм»;
«10,5 ёш. Ойига 400 минг сўм. Етмаяпти, мактабга пиёда боради»;
«11 ёш, кунига 10 минг сўм сарфлайди»;
«11, 13 ва 15 ёш – ҳар бирига ҳафтасига 100 минг сўмдан»;
«110-мактаб. 14 ёш. Кунига 50 минг сўм»;
«Кунига 15 минг сўмдан»;
«Уч нафар фарзандим бор, ҳар бирига кунига 5 минг сўмдан»;
«Ўртача кунига 15–20 минг сўм»;
«11-синф, 50 минг сўм»;
«Катталари 17 ва 14 ёшда – ҳар куни 30 минг сўмдан, 8 ёшли ўғлимга эса 10 минг сўмдан»;
«8-синф, 15 минг сўм»;
«Ҳафтасига 120 минг сўм кетади. Фарзандим 15 ёшда»;
«Кунига 50 минг сўм йўл учун, 20 минг сўм овқат учун»;
«Кунига 40 минг сўм, 16 ёш»;
«Ҳафтасига 500 минг сўм».
Олинган маълумотларни умумлаштирган ҳолда айтиш мумкинки, Ўзбекистон мактаб ўқувчилари учун ажратиладиган чўнтак пуллари бўйича ягона стандарт мавжуд эмас. Пул миқдори бир неча минг сўмдан тортиб, кунига ёки ҳафтасига ўн минглаб сўмгача фарқланади.
Бу эса оилаларнинг молиявий имкониятлари ҳамда болаларга пул бериш зарурати борасидаги қарашларига боғлиқ. Шунингдек, кўплаб ота-оналарнинг фикрича, уларнинг фарзандлари катта миқдорда чўнтак пулига эҳтиёж сезмайди ва асосан маблағни тежашга ҳаракат қилишади.
