Эндиликда ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари педагоглари ҳам аттестациядан ўтказилади

Эндиликда ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари педагоглари ҳам аттестациядан ўтказилади

Бу борада Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг «Ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги буйруғи тасдиқланди.

 

 

Унга кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари педагог кадрлари 2025 йил 21–25 апрель кунлари аттестациядан ўтказилади.

 

 

Педагог кадрларини тест синовларидан ўтказиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

 

– Педагог кадрлар учун малака синовлари тест шаклида ташкил этилади ҳамда тест синовлари марказлашган ҳолда компьютерларда реал вақт режимида (онлайн) ўтказилади;

 

– Тест синовларини ташкил этиш, ўтказиш ва назорат қилиш қуйидаги йўриқномага мувофиқ амалга оширилади — Йўриқнома

 

 

Аттестация натижаларидан норози бўлган педагог кадрлар натижалар эълон қилинган кундан ўн кун мобайнида апелляция комиссиясига ёзма равишда ёки вазирликнинг расмий электрон почтаси (pedapellatsiya@edu.uz) орқали ариза (шикоят) беришлари мумкин.

 

 

2025 йил 15 апрелга қадар педагог кадрларга тест синовларида иштирок этишлари учун рухсатномани pedagog.edu.uz платформаси орқали юклаб олиш имконияти яратилади.

 

 

Тест синови жараёнларини тест синовлари ўтказиладиган муассасаларнинг расмий веб-сайти орқали онлайн трансляция қилиш йўлга қўйилади.

 

 

Тест синовлари онлайн тест синовлари платформаси (test.bimm.uz) орқали ўтказилади.