Мактаб ўқувчилари учун «Заковат» мусобақалари фақат баҳор фаслида ўтказилади

Мактаб ўқувчилари учун «Заковат» мусобақалари фақат баҳор фаслида ўтказилади

«Заковат интеллектуал клуби» ННТнинг хабар беришича, таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида «Заковат» мусобақаларини ўтказиш юзасидан Республика ташкилий қўмитаси тегишли қарор қабул қилди.

 

Унга кўра, 2025 йилдан бошлаб умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасидаги «Заковат» мусобақалари баҳор фаслида ўтказилади.

 

Бунда, жорий йил апрель май ойларида ҳар учала мусобақа ҳам ташкил этилади.

 

Мусобақаларнинг республика босқичида ғолиб бўлган жамоаларга эгаллаган ўрнига мос равишда 100, 60 ва 40 млн сўм пул мукофотлари топширилади.

 

Шу билан бирга 2024/25-ўқув йилининг кузги мавсумида ҳам мазкур мусобақалар ўтказилгани ва уларда ғолиб бўлган жамоаларга олий ўқув юртларига имтиҳонсиз ўқишга кириш бўйича имтиёз ҳамда стипендия берилгани инобатга олиниб, бу сафар мусобақада 1-, 2- ва 3-ўринни эгаллаган жамоаларга мазкур имтиёз ва стипендия берилмаслиги назарда тутилган.

 

Ғолиб жамоалар аъзоларига имтиёз ва стипендиялар бериш 2025/26-ўқув йилининг баҳорги мавсумида ўтказиладиган мусобақаларда давом эттирилади.

 

Бу йил апрель ойидан бошлаб ўтказиладиган мусобақалар санаси ҳақида кейинроқ маълумот берилади.