Аввалроқ, 9 ёшли қизалоқнинг онасининг мурожаати эълон қилинган эди, унда у хусусий рассомлик тўгаракларидан бирида 2000 йилда туғилган ўқитувчи рассомчилик машғулотлари вақтида вояга етмаган ўқувчига тегажоғлик қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Жабрланувчи онасининг мурожаатига кўра, ЎзР МЖтК 41-1 (Шаҳвоний шилқимлик) моддаси билан маъмурий иш қўзғатилиб, иш судга топширилди.
2025 йилнинг 3 март куни Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида мазкур иш бўйича суд мажлиси бўлиб ўтган. Суд мажлисида Немолчи.уз вакили ҳам иштирок этиб, суд мажлисининг айрим тафсилотларини маълум қилди:
— Ушбу тоифадаги ишлар бўйича суд мажлисида биринчи марта иштирок этишим эди, лекин бу маънавий жиҳатдан қийин бўлганини тасаввур ҳам қила олмасдим. Аввал жабрланувчининг онаси сўзга чиқди, сўнгра сўз айбдорга берилди. Аввалига у суднинг кўплаб саволларига жавоб бермай жим турди, сўнг қилган ишини тан олиб, қилган ҳаракатлари ҳақида гапира бошлади. Иш тафсилотларини эшитиш энг қийин ва ёқимсиз эди. Ички кечинмаларимни сўз билан тасвирлаб бера олмайман. Жабрланувчининг яқинларини тасаввур қилинг, улар чуқур қайғуда эди.
Суд ишнинг ҳолатлари ва тарафларнинг кўрсатмаларини тинглаб, айбланувчини Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топиб, унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган.
Қарор эълон қилинганидан сўнг, у суддан енгиллик сўраган. Бироқ суд унинг илтимосини инобатга олмаган. Ўз навбатида Яккасарой туман прокуратурасининг вакили жабрланувчининг ота-онасига ушбу қарор устидан шикоят киритиш ва прокурор протести киритишини билдирган.
