2025 йил 7 февралда кучга кирган «Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Шунингдек, Президентнинг 2024 йил 5 февралдаги қарори билан Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимлари Миллий гвардия тузилмасига ўтказилди.
Мазкур қарорга мувофиқ, Миллий гвардия ташкилий тузилмасида Болалар билан ишлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шу жумладан, болалар билан ишлаш бўйича катта инспектор-психологлар ва инспектор-психологлар лавозимлари жорий этилди.
Ушбу бўлинмаларга мактабларда ахлоқий-психологик муҳитни яхшилаш, ўқувчилар ўртасида назоратсизликни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш вазифаси юкланган.
Шу билан бирга, улар ўқувчиларда ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, уларда қонунбузилишларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини қарор топтиришга қаратилган ишларни олиб бориши зарур.
Муаммоли ўқувчилар билан уларнинг яшаш жойларида ота-оналари иштирокида манзилли ишлаши, шунингдек, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиш давоматини яхшилаши, энг асосийси, «хавфсиз мактаб» концепцияси мисолида мактабларда хавфсизликни таъминлаш учун тегишли чора-тадбирлар кўриши керак.
Янги ташкил этилган лавозимларда хизмат қилувчи шахсларга, шу жумладан, болалар билан ишлаш бўйича катта инспектор-психологлар ва инспектор-психологларга ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларининг қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатларини бериш зарурати юзага келган.
Маълумотларга кўра, Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари февраль ойидан ҳозирги кунга қадар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси биринчи қисмида (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) назарда тутилган 44 минг 450 ҳуқуқбузарликни аниқлаган.
Бу ҳолатлар бўйича ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари орқали маъмурий жазо чоралари қўлланилган. Ота-оналар томонидан фарзандларини мактабга юбормаслик ҳолатлари бўйича 175 мингга яқин огоҳлантириш хатлари ёзилган.
Бугунги кунда 1 нафар инспектор-психологга мактаблардаги бола сонидан келиб чиқиб 3 тадан 10 тагача мактаб тўғри келади.
Бироқ, инспектор-психологлар томонидан вояга етмаган ҳуқуқбузарларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий жазо чораларини қўллаш учун профилактика инспекторининг олдига олиб бориб, маъмурий жазо чоралари қўллаши инспектор-психологларнинг иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, ортиқча вақт сарфлашига ҳам сабаб бўлган.
Шу боис, Миллий гвардия томонидан умумий ўрта таълим муассасаларида хизмат қилувчи вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш, шунингдек, мактабларда психологик муҳитни яхшилаш, вояга етмаганлар орасида қонунбузилишларга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш, муаммоли ўқувчилар билан уларнинг яшаш жойларида ота-оналари иштирокида манзилли ишлаш вазифаларини самарали амалга ошириш учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида мазкур қонун ишлаб чиқилган.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 248 ва 248-1-моддаларига Миллий гвардия органларига, шу жумладан, Миллий гвардиянинг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари ва катта инспектор-психологларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси биринчи қисмида (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик), 561-моддасида (Жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш), 187-моддасининг биринчи қисмида (Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш) ва 188-моддасида (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ҳамда маъмурий жазо чораларини қўллашга доир ваколатлар берилди. Мазкур ваколатлар ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларидан чиқариб ташланди.
