Кимларга контракт тўловининг 35 фоизи тўлаб берилади?

Кимларга контракт тўловининг 35 фоизи тўлаб берилади?

«Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида»ги низомда олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабаларнинг контракт тўловининг 35 фоизини тўлаб берилиши белгиланган. Унга кўра, тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган талабалар Иттифоқнинг олий таълим муассасаларидаги бошланғич ташкилоти фаолиятида фаол қатнашган тақдирда Иттифоқ томонидан моддий қўллаб-қувватланади.

 

 

Кимларга моддий ёрдам берилади?

 

— бакалавриат ва магистратура босқичларида тўлов-контракт асосида ўқишнинг кундузги бўлимида таҳсил олаётган талабаларга;

 

— Давлат комиссиясининг қарори асосида қўшимча тўлов-контракт асосида бакалавриат босқичига ўқишга қабул қилинган талабаларга иккинчи босқичдан бошлаб; Шунингдек, талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш улар томонидан шартномада белгиланган тўлов миқдорининг 65 фоизини белгиланган муддатларда тўлаш шарти билан амалга оширилади.

 

Эслатма! Қуйидаги ҳолатларда талабаларга моддий ёрдам берилмайди:

 

— иккинчи мутахассислик, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган талабаларга;

 

 

— Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм Қўмондонлигининг тавсияномаси асосида олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган ва Иттифоқ томонидан моддий ёрдам кўрсатилаётган талабаларга.

 

 

Ушбу ёрдамга даъвогар талабалар қандай талаблар асосида танлаб олинади?

 

Моддий қўллаб-қувватлашга тавсия этилаётган талабалардан қуйидагилар талаб этилади:

 

— талабанинг ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи ўрганилаётган даврда (биринчи босқич талабалари учун ўқув йилининг биринчи семестр натижаларини) 86 фоиз ва ундан юқори бўлиши лозим;

 

 

— Иттифоқ ва олий таълим муассасаси фаолиятидаги маънавий-маърифий ва жамоат ишларида Иттифоқнинг бошланғич ташкилоти, маҳаллий ва ҳудудий Кенгашлари, Иттифоқнинг Марказий Кенгаши томонидан ташкил этиладиган лойиҳа ва тадбирларидаги фаол иштироки;

 

— талабанинг фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларидаги натижалари;

 

— ташкилотчилик ва етакчилик қобилиятлари;

 

— илмий ва ижодий фаолияти натижалари;

 

— олий таълим муассасасида белгиланган ички тартиб-қоидаларга риоя этиши (талабанинг олий таълим муассасасида белгиланган ички тартиб-қоидаларига риоя этмаганлиги юзасидан фақат олий таълим муассасаси ректори буйруғи асосида берилган ҳайфсан Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши томонидан даъвогар талабани моддий қўллаб-қувватлашни рад этиш учун асос сифатида қабул қилинади).

 

 

Даъвогар талабаларнинг асосий кўрсаткичларини баҳолаш мезонлари Иттифоқнинг Марказий Кенгаши томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Моддий қўллаб-қувватлашга саралаш қачон бўлиб ўтади?
 

 

Ҳар йили 1 февраль кунидан кечикмаган ҳолда Ёшлар Кенгаши олий таълим муассасасида тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш бўйича ўз фаолиятини бошлаши лозим.

 

 

10 февраль кунига қадар мазкур Низомнинг 2-бандида кўзда тутилган талабалар Ёшлар Кенгашига Иттифоқ томонидан моддий қўллаб-қувватлаш кўрсатилишини сўраб ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

 

 

10 февралдан 15 февралга қадар Ёшлар Кенгаши даъвогар талабаларнинг аризаларини кўриб чиқади ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш учун тавсия этиш бўйича қарор қабул қилади. Иттифоқнинг Ёшлар Кенгаши талабани моддий қўллаб-қувватлашга тавсия этиш ёки рад этиш ҳуқуқига эга. Ариза рад этилган ҳолларда, Ёшлар Кенгашининг тегишли мажлиси баёнида унинг сабаблари кўрсатилади.

 

 

Қандай ҳолатларда моддий ёрдам пули қайтарилиши мумкин?

 

Талабалар сафидан чиқарилган ёки академик таътилга чиққан талаба ўзининг тўлов-контракт асосида ўқиши учун тўлаган маблағини қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳолларда моддий ёрдам кўрсатиш пули қайта ҳисоб-китоб қилиниши ва Иттифоқнинг Марказий Кенгашига қайтарилади.