Савол: Менинг амалдаги тоифам мутахассис тоифаси эди. 2024 йил август декабрь ойларида ўтказилган педагог кадрлар аттестацияда 56 балл олдим. Менинг шахсий кабинетимга «аттестациядан ўтган, мутахассис (олий маълумотли ўқитувчи) лавозими сақланган»- деган қарор ҳам келди. Менга мактаб директори 2025 йил баҳорги аттестацияда «аттестациянинг навбатдаги-мажбурий тури бўйича қатнашасан»- деяпти. Шу тўғрими?
Жавоб: Бу нотўғри. Низомнинг 4-бандида:
Педагог кадрлар ҳар беш йилда бир марта навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади.
Илгари аттестациядан ўтмаган ишга янги қабул қилинган педагог кадрларга ёки олий таълим ташкилотларини битириб биринчи бор ишга кирган педагог кадрлар касбий фаолиятига уч йил тўлгандан сўнг навбатдаги мажбурий аттестациядан ўтказилади.
Педагог кадрлар ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши мумкин.
Навбатдаги мажбурий аттестация натижаларига кўра амалдаги малака тоифаси (лавозими) оширилган, сақланган ёки туширилган, шунингдек, навбатдан ташқари аттестация натижаларига кўра амалдаги малака тоифаси (лавозими) оширилган ёки сақланган педагог кадрлар навбатдаги мажбурий аттестацияга беш йилдан сўнг жалб этилади.
Педагог кадрларнинг мажбурий аттестацияга ўз муддатида жалб этилиши учун педагог кадр фаолият кўрсатаётган таълим ташкилотининг раҳбари шахсан жавобгар ҳисобланади.
56 балл бу – амалдаги тоифаси мутахассис бўлганлар учун ижобий кўрсаткич ҳисобланади. Энди Сиз учун навбатдаги мажбурий аттестация 2029 йилда бўлади. 2029 йилга қадар эса ўз ихтиёрингизга кўра навбатдан ташқари тури бўйича иштирок этишингиз мумкин.
