Швейцария Гулнора Каримова билан боғлиқ 313 млн долларни Ўзбекистонга қайтаради

Швейцария Гулнора Каримова билан боғлиқ 313 млн долларни Ўзбекистонга қайтаради

Ўзбекистон ҳукумати ва Швейцария Федерал Кенгаши “Мусодара қилинган активларни тақсимлаш тўғрисидаги битим”ни имзолади. Битим доирасида Швейцария 182 миллион доллар миқдоридаги маблағни Ўзбекистонга қайтаради. Бу ҳақида Адлия вазирлиги маълум қилди.

 

Қайд этилишича, маблағлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги «Узбекистан Висион 2030 Фонди» Кўп шериклик траст жамғармаси орқали йўналтирилади. Ушбу жамғарма маблағларни Ўзбекистон аҳолисининг соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштиришга сарфлашни назарда тутади.

 

Бундан олдин, 2022 йил август ойида Ўзбекистон ва Швейцария ноқонуний орттирилган активларни қайтариш механизмини белгиловчи дастлабки битимни имзолаган эди. Ўшанда 131 миллион доллар қайтарилиши келишиб олинган эди. Бугунги янги битим имзоланиши билан Ўзбекистонга қайтарилган маблағ миқдори 313 миллион долларга етди.

 

“БМТ қошидаги «Узбекистан Висион 2030 Фонди» маблағларнинг шаффоф ва самарали тақсимланишини таъминлайди. Фонд ва унинг лойиҳалари ҳақида маълумотлар https://www.ishonch.org/ веб-сайтида ўзбек ва инглиз тилларида эълон қилинган”, – дейилади вазирлик ахборотида.