Нуфузли “Scopus” тармоғига кирувчи “Higher Education Policy” журналида Ўзбекистонда докторантура босқичига доир тадқиқот натижалари акс этган мақола чоп этилди. Тадқиқотчиларга кўра, Ўзбекистоннинг анъанавий ўқитиш тизимидан илмий тадқиқотга йўналтирилган олий таълим моделига ўтиши катта харажатларни талаб қилади.
Таълим сифати ва илмий ҳалоллик билан боғлиқ қоидаларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш учун зарур бўлган назорат тизими эса ҳануз етарли даражада ишлаб чиқилмаган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда илмий тадқиқот одоб-аҳлоқ меъёрлари 1990 йилларда заифлашган бўлиб, бу муаммонинг янада чуқурлашишига сабаб бўлди.
Диссертациялар сотиб олинмоқда: академик коррупция тизимнинг ислоҳ қилишига тўсқинлик қилмоқда
Ўзбекистондаги илмий муҳит ҳали ҳам академик ҳалоллик тамойилларини тўлиқ қабул қилмаган. Кўплаб докторантлар илмий даражани ўз илмий салоҳияти билан эмас, балки моддий имкониятлари орқали қўлга киритмоқда. Бир университет раҳбарларидан бири вазиятни қуйидагича изоҳлаган:
“Диссертация ёзиш хизматлари ҳаммага маълум. Университетларнинг ўзида ҳам бу хизматни кўрсатадиган шахслар бор. Менинг тажрибамга кўра, PhD диссертацияларининг ярмидан кўпи адолатсиз усуллар билан тайёрланади. Одатда, кимдир 3 000 дан 5 000 АҚШ долларигача миқдорида пул тўлаб, диссертациясини ёки диссертация ҳимояси учун зарур бўлган мақолаларни ёздириб олади.”
Бу каби нохолис амалиётлар илмий сифатсизлик муаммосини янада чуқурлаштиради. Илмий мақолалар шубҳали журналларда чоп этилаётгани эса Ўзбекистон тадқиқотчиларининг халқаро акадокторантурамик жамиятга интеграциясини қийинлаштирмоқда.
Совет мероси ва Ғарб модели ўртасидаги мураккаб ўтиш жараёни
Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон докторантура таълими модели Совет Иттифоқи анъаналаридан келиб чиққан бўлсада, у Ғарб давлатларидаги докторантура тизимига мослашишга ҳаракат қилмоқда. Европадаги докторантура тизимлари 2003 йилдаги Берлин Коммюникесидан сўнг янада уйғунлашган бўлсада, ягона Европа модели мавжуд эмас.
Шунга қарамай, Ўзбекистон ўз докторантура тизимини Ғарб андозаларига мослаштиришга ҳаракат қилмоқда.
Таҳлилга кўра, бугунги кунда Ўзбекистоннинг докторантура тизими Совет моделининг қатор хусусиятларини сақлаб қолган, хусусан:
– Давлат томонидан қатъий бошқариладиган икки босқичли тизим (PhD ва DSc даражалари);
– Илмий даража олиш учун диссертацияга қўшимча равишда мақолалар чоп этиш талаби;
– Давлат томонидан тақдим этилган ресурслар ва молиявий имкониятларнинг чекланганлиги.
Айнан мана шу чекловлар Ўзбекистон тадқиқотчиларининг халқаро илмий жамоатчилик билан интеграциясига тўсқинлик қилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, 2022 йилда Ўзбекистон илмий тадқиқот ва ишланмалар (R&D) учун ялпи ички маҳсулотнинг атиги 0.16 фоизини ажратган, бу эса собиқ Совет Иттифоқи давлатлари орасида энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Молиявий мустақиллик докторантларга қандай таъсир қилади?
Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллиги ошгани сайин, докторантура дастурлари учун ажратилаётган маблағлар ҳам қисқариб бормоқда. Масалан, илгари давлат томонидан йилига 12 та докторлик ўринлари ажратилган бўлса, бу рақам олдин 6 тага, кейинчалик эса 3 тага камайган.
Олий таълим экспертларидан бири тадқиқотчиларга бу ҳолат ҳақида шундай фикр билдирган:
“Агар олий таълим муассасаларида йўлаклардаги суҳбатларга ишонилса, кейинги йилларда бу ўринлар умуман бекор қилиниши мумкин, чунки университетлар молиявий жиҳатдан ўзларини ўзлари таъминлаши керак бўлади.”
Халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдаги тўсиқлар
Ўзбекистон докторантларининг халқаро академик жамоага интеграциясини ошириш учун халқаро илмий нашрларда мақолалар чоп этиш шарт қилиб қўйилган. Бироқ, бу талабнинг адолатсиз бажарилиши муаммога айланган.
Ҳукумат илмий мақолаларнинг халқаро журнал ва конференцияларда эълон қилинишини рағбатлантираётган бўлсада, бу жараён адолатли назорат механизмларига эга эмас. Натижада, докторантларнинг аксарияти илмий мақолаларни сифатсиз ёки шубҳали журналларда чоп эттириш орқали ўз даражаларини олмоқда.
Экспертлар Ўзбекистонда докторлик таълими тизимини ислоҳ қилишда академик ҳалоллик ва илмий этикага асосланган мустаҳкам тизим яратиш зарурлигини таъкидламоқда. Бу эса нафақат илмий сифатни ошириш, балки мамлакат тадқиқотчиларининг халқаро илмий жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига ёрдам бериши мумкин.
