Республика олий таълим кенгаши давлат функцияларини амалга оширмайди – Вазирлик

Республика олий таълим кенгаши давлат функцияларини амалга оширмайди – Вазирлик

Республика олий таълим кенгаши мажлисининг баёни, хусусан, олий таълим тизимидаги раҳбар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг бир кунлик иш ҳақини «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига йўналтириш ташаббуси ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан молия йили якунида тўлов-контракт шаклида маблағ қолдиғининг 4 фоиз қисмини Республика олий таълим кенгашига йўналтириши ҳақидаги хабарлар кенг жамоатчилик муҳокамасига сабабчи бўлган эди.

 

 

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Республика олий таълим кенгаши мажлисининг баёни бўйича расмий муносабат билдирди.

 

 

Унга кўра, Республика олий таълим кенгаши нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида фаолият юритиб, давлат функцияларини амалга оширмайди ва қарорлари мажбурий кучга эга эмас. У ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига амал қилади ҳамда фақат тавсиявий характерга эга таклифлар ишлаб чиқади.

 

 

«Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларни нодавлат нотижорат ташкилотнинг ички иши сифатида баҳолайди.

Шунингдек, вазирлик ҳар қандай молиявий ҳаракатлар ёки манфаатлар поймол этилиши ҳолатлари бўйича мурожаатлар қабул қилишга ва уларни белгиланган тартибда кўриб чиқишга тайёрлигини билдиради. Барча мурожаатлар асосида тегишли чоралар кўрилиб, қонуний манфаатлар ҳимоя қилиниши таъминланади», – дейилади вазирлик матбуот хизматининг хабарида.