Россияда нодавлат университет ректори мигрантларни ноқонуний легаллаштиришда айбланмоқда

Россияда нодавлат университет ректори мигрантларни ноқонуний легаллаштиришда айбланмоқда

Санкт-Петербургдаги хусусий олий таълим муассасаларидан бирининг ректори ва унинг икки шериги 501 нафар мигрантни ноқонуний тарзда легаллаштирганликда айбланмоқда. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг минтақавий бошқармаси матбуот хизматига таяниб, «Риа Новости» маълум қилган.

 

Тергов маълумотларига кўра, уларга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 322.1-моддаси 2-қисми (ноқонуний миграцияни ташкил этиш) ва 174.1-моддаси 4-қисми (жиноят йўли билан топилган даромадларни легаллаштириш) бўйича жиноят иш қўзғатилган. Тергов жараёнлари якунланиб, иш судга оширилган.

 

Асосий айбланувчи олийгоҳнинг 46 ёшли ректори бўлиб, у ва икки шериги 2024 йил ноябрь ойида қўлга олинган. Тергов давомида маълум бўлишича, гумонланувчилар Россияда қолиш муддатини узайтирмоқчи бўлган хорижликларни топиб, талаба сифатида расмийлаштирган. Шу орқали улар дарсларда қатнашмай туриб ҳам ўқув визаси олган.

 

Бундан ташқари, улар меҳнат муҳожирларини ноқонуний тарзда миграцион ҳисобга қўйиш билан ҳам шуғулланган.

 

2020 йил январидан 2024 йил ноябригача бўлган даврда ушбу схема орқали жами 501 нафар меҳнат муҳожирининг ҳуқуқий мақоми легаллаштирилган. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, ушбу ноқонуний фаолият айбланувчиларга 40 миллион рублдан ортиқ даромад келтирган. Бу маблағлар сохта битимлар орқали легаллаштирган. Тегишли органлар барча сохта ўқув визаларини бекор қилиб, муҳожирларни назорат қилинадиган шахслар реестрига киритган.