2025 йилда 103 минг ногиронлиги бўлган бола таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олинди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар берди.
Унга кўра, йил давомида 60 мингта ариза кўриб чиқилиб, 37,1 минг нафар болага хулоса берилган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан икки баравар кўп. Умумтаълим мактабларидаги инклюзив синфларга берилган хулосалар сони 1,7 мингдан 6,4 мингтагача ошган.
Шунингдек, биринчи маротаба, 1,8 минг нафар болаларга боғчалардаги инклюзив гуруҳларга, Давлат шерикчилик асосида «кундузги парвариш» хизматига 5,4 минг нафар болага хулоса берилган. Бу орқали, Мурувват интернат-уйиларига хулоса бериш 40 фоизга камайиб, 254 тани ташкил этди.
Маълум бўлишича, «Кундузги парвариш» хизмати йўлга қўйилиб, 313 та тадбиркор томонидан 4,1 минг ногиронлиги бўлган бола хизмат билан қамраб олинган. Бунинг учун 16,5 млрд сўм субсидия маблағлари ажратилган.
Шу жумладан, алоҳида таълим эҳтиёжига эга болалар учун имкониятлар кенгайтирилиб, 2 400 та «инклюзив синф» ва 750 та «коррекцион хоналар» ташкил этилган. Натижада, ногиронлиги бўлган 103 минг мактаб ёшидаги бола таълим ва ижтимоий хизматлар билан қамраб олинмоқда ва қамров даражаси 79 фоиздан 82 фоизгача ошган.
