Ўқитувчининг иш жойи ўзгарса мактабдаги устамаси сақланиб қоладими?

Ўқитувчининг иш жойи ўзгарса мактабдаги устамаси сақланиб қоладими?

Савол

 

Ҳозирда директор жамғармаси ҳисобидан 20 фоиз устама оламан. Яқинда бошқа мактабга ишга ўтмоқчиман. Иш жойим ўзгарса, 20 фоизлик устама сақланиб қоладими?

 

Жавоб

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30-центабрдаги 823-сон қарори билан тасдиқланган низомга кўра, педагог ходимларга директор жамғармаси ҳисобидан устамалар белгилаш умумтаълим муассасасида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилади.

 

Ишчи гуруҳ умумтаълим муассасасининг педагогик кенгаши қарори асосида, муассаса директорининг буйруғи билан камида етти кишидан иборат тоқ сонда тузилади. У айнан шу таълим муассасасида фаолият юритаётган раҳбар ва педагог ходимлар орасидан ҳамда умумий ўрта таълим муассасаси кузатув кенгаши ва ўқувчиларнинг ота-оналаридан вакиллардан иборат бўлади.

 

Умумтаълим муассасалари педагог ходимларининг базавий тариф ставкаларига директор жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устамалар янги ўқув йили учун ўтган ўқув йили якунлари бўйича белгиланади.

 

Педагог ходимларга тайинланадиган устама у фаолият юритаётган таълим муассасасида эришган натижаларидан келиб чиқиб тайинланганлиги ҳамда айнан шу таълим муассасаси ишчи гуруҳи томонидан белгиланганлиги боис, педагог ходим иш жойини ўзгартирганда тайинланган устамалар сақлаб қолинмайди.

Фақат бир ҳолатдагина истисно мавжуд

 

Таълим даражаси юқори бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларига бошқа ҳудудлардан жалб этилган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг амалда ишлаган умумтаълим муассасасининг директор жамғармасидан белгиланган устама ҳақ (фоизлари) сақланади.

 

Бунда мазкур устамалар бир ўқув йили давомида сақланади ва кейинги ўқув йилида таълим даражаси юқори бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларининг Ишчи гуруҳи томонидан қайта кўриб чиқилади.

 

Агар педагог ходимга таълим даражаси юқори бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаси ишчи гуруҳи томонидан устама тайинланган бўлиб, у бошқа мактабга ишга ўтаётган бўлса, бу ҳолатда ҳам устамалар сақлаб қолинмайди.

 

Яъни, фақат бир ҳолатдагина — педагог ходим таълим даражаси юқори бўлмаган мактабга ишга ўтган тақдиридагина устамалар бир ўқув йили учун сақланиб қолади.

 

Асос: Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 24-1-банди.