Навбатчилик масаласи юзасидан ишдан бўшатилган мактаб директори ишига қайта тикланадиган бўлди

Навбатчилик масаласи юзасидан ишдан бўшатилган мактаб директори ишига қайта тикланадиган бўлди

Хабарингиз бор, Фарғона вилояти Бувайда туманидаги мактабда ўқитувчилар байрам кунлари навбатчилик қилгани муҳокамаларга сабаб бўлганди. Воқеа оммага очиқлангач, мактаб директори ишдан олинганди.

 

Меҳнат инспекцияси директор билан тузилган меҳнат шартномаси ноқонуний тарзда бекор қилинганини аниқлади.

 

Шудан сўнг, ОАВлар ва тармоқларда навбатчиликка асос бўлган хатлар скриншоти тарқала бошлади. Мазкур ташаббус Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан чиққани аён бўлиб, кейин барча ҳудудлар бошқармалари, туман ва шаҳарлар бўлимлари томонидан ўзига тегишлик ташкилотларга топшириқ хати сифатида туширилгани аниқланди.

 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати изоҳига кўра, топшириқда ўқитувчилар навбатчилик қилиши назарда тутилмаган.

 

«Вазирликдан мактаб ўқитувчилари навбатчиликка турсин деган топшириқ тушмаган», деди вазирлик матбуот котиби Дилфуза Собирова.

 

Бироқ, вазирлик расмийси навбатчиликда ким туриши назарда тутилганига аниқлик киритмаган.

 

2026 йил 8 январь куни Меҳнат инспекцияси 37-мактабдаги ҳолат бўйича ўтказилган ўрганиш натижаларини очиқлади.

 

Қайд этилишича, меҳнат қонунчилиги талабларини бузгани учун мактаб директори маъмурий жавобгарликка тортилган. Иш берувчига навбатчиликка жалб қилинган ходимларга меҳнат қонунчилигига мувофиқ икки ҳисса миқдорида иш ҳақи тўлаб бериш бўйича ёзма кўрсатма киритилган.

 

«Дарё» нашрининг хабарига кўра, Меҳнат инспекцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи Нилуфар Аманниязова Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мактаб директорини лавозимидан бўшатишда меҳнат қонунчилигини бузганини айтган.

 

«Мактаб директори билан суҳбатлашилганда меҳнат шартномаси бекор қилинганидан хабари йўқлигини билдирди. Иш берувчи директор билан меҳнат шартномасини бекор қилишда қўпол қонунбузилишга йўл қуйган. Инспекция нафақат ўқитувчилар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилади, балки мактаб директорини ишга тикланишини ҳам таъминлайди», деди инспекция раҳбари.

Нилуфар Аманниязованинг айтишича, дам олиш ва байрам кунлари ишга жалб қилишда ходим розилиги олиниши керак ҳамда қонунчиликка мувофиқ тўловларни ҳам амалга ошириш лозим.