IТ-сертификатларида тўловларни қоплаб бериш жараёнига ўзгартириш киритилди

IТ-сертификатларида тўловларни қоплаб бериш жараёнига ўзгартириш киритилди

Ҳукуматнинг 2025 йил 31 декабрда «Ёшларни IТ соҳасига жалб қилиш, уларнинг рақамли билим ва кўникмаларини ошириш орқали юқори даромадли касбларга йўналтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 849-сон қарори қабул қилинди.

 

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 17 февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган Ёшларнинг халқаро IТ-сертификатларни олиш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

 

1. 8-банд қуйидаги таҳрирда баён этилиши белгиланган:

 

«8. Халқаро IТ-сертификатлар бошланғич даражада бўлганда 30 фоиз, ўрта даражада бўлганда 40 фоиз ҳамда профессионал даражада бўлганда 60 фоиз миқдорда сарфланган харажатлар қоплаб берилади.

 

Инглиз тили бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги ҳамда профессионал даражадаги IТ-сертификатга эга бўлган ёшларнинг халқаро IТ-сертификатни олиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

 

Бунда профессионал даражадаги халқаро IТ-сертификатга эга бўлган ёшларнинг мазкур сертификатни олиш харажатлари ушбу Регламентга 2-иловада назарда тутилган инглиз тилини билиш даражасини белгиловчи сертификатлар рўйхатига мувофиқ тўлиқ қоплаб берилади».

 

2. 9-банд қуйидаги таҳрирда баён этилган:

 

«9. Халқаро IТ-сертификатларни олиш учун ўқув марказларида ўқиганлик харажатлари тўлов амалга оширилганлигини тасдиқловчи тижорат банки маълумотномаси ёки тўлов квитанцияси нусхаси (пдф шаклда) тақдим этилганда қоплаб берилади».

 

3. 12-бандда учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилган:

 

– «ариза берувчи (ёки унинг ота-онаси ёхуд қонуний вакили) томонидан халқаро IТ-сертификат учун ўқиш ва уни олиш харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи тижорат банки маълумотномаси ва тўлов квитанциясининг нусхаси (pdf шаклда)»;

 

олтинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилган:

 

– «агар ариза берувчи халқаро IТ-сертификатни олиш учун ўқув курсига сарфланган харажатларни қоплаш мақсадида сўровнома тўлдираётган бўлса, у ҳолда ариза берувчи (ёки унинг ота-онаси ёхуд қонуний вакили) ҳамда ўқув маркази ўртасида халқаро IТ-сертификатини олиш учун тузилган шартнома нусхаси ва ўқув курсини тасдиқловчи хужжатлар нусхаси (pdf шаклда)».