2025 йил 30 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги 840-сонли қарори қабул қилинди.
Унга кўра, Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тартиби ўзгартирилди.
Хусусан, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тўғридан тўғри (синовларсиз) амалга ошириладиган ҳоллар рўйхати янгиланди.
Қуйидаги ҳолларда хорижий давлатларда олинган таълим тўғрисидаги ҳужжатлар тўғридан-тўғри (синовларсиз) тан олинади:
– хорижий давлатларда умумий ўрта, касбий таълим ва малака ошириш бўйича таълим олганлик ҳақидаги ҳужжатлар;
– Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган хорижий олий таълим ташкилотларининг филиаллари ёки қўшма таълим дастурлари асосида таълим олган битирувчиларнинг ҳужжатлари;
– ҳар йили Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган халқаро рейтингларда (QS World University Rankings, Times Higher Education, Academic Ranking of World Universities) ТОП–1000 таликдан жой олган ОТМларда таълим олган битирувчиларнинг ҳужжатлари (таълимнинг бутун даври давомида ушбу рейтингга кирган бўлиши шарт);
– хорижий ОТМларда мақсадли тайёрлов асосида, Ўзбекистон вазирликлари, идоралари ҳамда давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар маблағлари ҳисобидан таълим олган битирувчиларнинг ҳужжатлари;
– 1992 йил 1 январгача хорижий таълим ташкилотларига ўқишга кирган шахсларнинг ҳужжатлари;
– Олий таълимда сифатни кафолатлаш бўйича Европа ассоциацияси (European Association for Quality Assurance in Higher Education – ENQA) тўлақонли аъзоси бўлган ваколатли ташкилотлар томонидан аккредитациядан ўтган ОТМларда таълим олган битирувчиларнинг ҳужжатлари;
– АҚШ, Австралия, Исроил, Канада, Сингапур, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Буюк Британия, Германия, Франция ва Италия давлатларининг ваколатли ташкилотлари томонидан аккредитациядан ўтган ОТМларда таълим олганлик ҳужжатлари;
– Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, Президент қарорлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларида назарда тутилган бошқа ҳолатлар.





