Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева журналист ва блогер Кирилл Атлманга интервью берди. Интервью давомида Саида Мирзиёева таълим ҳақида ҳам фикр билдирди.
Аслида таълимга саволлар жуда кўп. Тиббиётга ҳам. Сир эмаски, бизда таълимда талабаларни кўпроқ етакчилик тафаккурисиз, ташаббускорсиз қилиб тайёрлашади. Яъни, катталар нима деса, шуни қилиш керак ва ҳоказо.
— Бу советча тизим, ёдингизда бўлса шунақа мафкура бор эди — коллектив муҳим, етакчилар эса деярли керак эмасди. Бу, менимча, барча постсовет мамлакатларининг муаммоси ва фожиаси. Умуман олганда, бугунги кунда таълимга катта савол бор. Масалан, 20 ёшли ўғлим ҳар куни дунёда таълимни ислоҳ қилиш кераклиги, у ривожланишдан ортда қолаётгани, бугунги талабларга жавоб бермаётгани ҳақида куюниб гапиради.
У шунчаки дунёнинг ўзгаришларига улгура олмаяпти деб ўйлайман.
— Бу жуда мураккаб жараён. Талабамизнинг портрети… қиёфаси… ҳозир дунёга умуман ким керак? Қандай шахс керак? Тараққиётдан ортда қолмаслик учун ҳатто биз ҳам доим ўқиб-ўрганишимиз керак. Тараққиёт жуда тез одимламоқда. Мени кўпроқ таълимнинг қандай ва қайси йўналишда ривожланаётгани эмас, балки таназзулга юз тутаётган нарсалар эзади. Дунёда таназзул шунчалик кўпки. Яна ўша гап, масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз керак. Агар инсон таълим олишга интилса, ўз устида ишласа, уни ҳамма жойда олади. Ҳозир онлайн курслар, онлайн таълим даври, буларнинг барчасига эришиш мумкин. Буни бутун мамлакат миқёсида гапираётганим йўқ…
Бошқарувдаги инсон сифатида айтингчи, ҳамма давлат келиб муаммомни ҳал қилишини кутади. Ахир бундай бўлиши керак эмаску?
— Буни менга фуқаро сифатида сиз айтяпсиз. Бундай бўлмаслиги керак.
Ҳа, аслида шундай. Лекин менга ўхшаганлар кам. Ҳамма кимдир келиб… бир нима қилиб беришини кутади.
— Менимча, бу барибир дунёқараш, тафаккур тарзи билан боғлиқ. Ўз зиммасига масъулият оладиган одамлар муваффақиятга эришади. Албатта! Агар ўз зиммангга масъулият олсанг ва ўз келажагинг ҳамда фарзандларинг келажаги юкини елкангда кўтарсанг, муваффақиятинг кафолатланган.
Ўзингиз қаерда ўқигансиз? Мактаб йилларингиз ҳақида гапириб беринг.
— Қийин йиллар бўлган. Нега? Чунки 12 ёшимизда Жиззахга кўчиб ўтганмиз. Тасаввур қиляпсизми, ўсмир қиз. Мен Тошкентдаги 71-мактабда ўқирдим, ўз даврам, мулоқот қиладиганларим, ўртоқларим бор эди ва бирданига вилоятга кўчиб ўтяпмиз. Жиззахга кўчиб борганимизни эслайман. Пушти рангдаги уйимиз чўлнинг ўртасида ёлғиз ўзи турарди, атрофда бирорта дарахт йўқ, фақат чўл. Ёнимизда қандайдир психиатрия ёки психология шифохонаси, бир тарафда эса қабристон бўларди. Дадам, ойим, мен ва синглим. Икки қаватли уй, эсимда, бўм-бўш, деразалари улкан, шамол увуллайди. Энди тасаввур қилинг, Жиззахнинг чўли… Мен 12 ёшда эдим, демак, 1996 йиллар. Шунақа шамоллар бўлардики, ҳамма ёқ увулларди. Иккита пижама кийиб, адёлга ўраниб ухлардик, жуда совуқ эди, уй иситилмасди. Ота-онам эса биз бирга бўлишимиз керак, деб ҳисоблашган. Мактабга бориб, уйга кўзимда ёш билан қайтганим ёдимда. На дўстларим, на бошқа нарсам бор эди. Шу шароитда таълим қанақа бўлишини тасаввур қилинг.
Бахтимга кейинги йили «Умид» номли лицейочилди. У ерда америкаликлар дарс берарди. Бутун вилоятдан иқтидорли болалар йиғилган эди. Бу ўзига хос интернат, «боардинг счоол» эди. Ўша ерда дўстлар орттирдим, инглиз тилини ўргандим. Бошқа ҳеч қаерда ўрганмаганман. Биз кўчманчи болалардек эдик, доим қаергадир кўчиб юрардик. Ҳар жума куни Зоминга, ота-онамизнинг, дадамнинг яқинлари олдига ёки Тошкентга, ёки Қўқонга борардик. Хуллас, ҳаётимиз болалигимиз шундай ўтган. Ҳатто Тошкентда яшаганимизда ҳам, ҳар дам олиш куни ё ойимнинг ота-онаси, ё дадамнинг ота-онаси олдига борардик. Болалигим йўлларда ўтди.
Шу кунгача йўлни ёмон кўраман. Фақат бирор жойга бормасам, машина бўлмаса, ўша узоқ сафарлар бўлмаса бўлди. Хуллас, кейин Жиззахда энди ўрнашиб, ҳаммаси яхши бўлиб, дўстлар топганимда… Самарқандга кўчдик. Болалигим шундай ўтди. Кейин университет, янада қийинроқ кечди. Мен Тошкентда университетга кирдим. Кейин дадам Самарқандга кўчдилар ва мен ҳам Самарқандга кўчдим. Кейин Тошкентга турмушга чиқдим, кўчдим… Хуллас, ўзим ўқиб-ўргандим, десам бўлади. Ўқийман, тинимсиз ўз устимда ишлайман. Кейин Москвага учиб кетдим, у ерда ўқидим. Хуллас…
