2025 йил натижаларига кўра, 7 та олий таълим муассасаси «QS World University Rankings» халқаро рейтингига кирган. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги сарҳисоб брифингида маълум қилинган.
Жорий йил давомида, Ўзбекистон олий таълим муассасалари нуфузли халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаган. Жумладан, Ўзбекистоннинг 7 та олий таълим муассасаси «QS» халқаро рейтингига кирган. «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университети, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети ТОП–1000 талик рўйхатдан жой олган.
Маълумот учун: QS World University Rankings – бу дунёдаги энг нуфузли олий таълим рейтингларидан бири бўлиб, университетларни илмий тадқиқотлар сифати, талабалар сифати, халқаро ҳамкорлик ва иш берувчилар баҳолашлари асосида баҳолайди.
Шунингдек, «Times Higher Education (THE) World University Rankings» рейтингида Ўзбекистоннинг 4 та олий таълим муассасаси қайд этилди. Бу рейтинг университетларни илмий тадқиқотлар сифати, таълим сифати, илмий нашрлар ва тадқиқотлар таъсири ҳамда халқаро кўрсаткичлар бўйича таҳлил қилади.
2025 йилги «THE Impact Rankings» натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг 59 та олий таълим муассасаси рўйхатдан ўтиб, 12 таси жаҳоннинг ТОП–1000 университетлари сафидан ўрин олди. THE Impact рейтинги университетларнинг глобал мақсадлар (Sustainable Development Goals) асосида жамиятга таъсири ва барқарорлик фаолиятини кўрсатади. Шу билан мамлакатимиз Марказий Осиё ва Кавказ минтақасида етакчи позицияни эгаллаган.
Бундан ташқари, 2025 йилги «QS»нинг фанлар бўйича рейтинги натижасига кўра, Ўзбекистоннинг 5 та олий таълим муассасаси 8 та фан йўналиши бўйича жаҳоннинг энг яхши 1000 та университетлари қаторига киритилган.


