Жорий йилда 22 мингдан ортиқ педагог олий малака тоифасига эга бўлди

Жорий йилда 22 мингдан ортиқ педагог олий малака тоифасига эга бўлди

Жорий йилда ўтказилган аттестация (малака тоифа) синовлари натижаларига кўра, 22 311 нафар педагог олий малака тоифасига эга бўлган. Бу ҳақда мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги сарҳисоб брифингида маълум қилинган.

 

2025 йилда мактабгача ва мактаб таълими соҳасида таълим сифатини ошириш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда педагоглар фаолиятини қўллаб-қувватлаш йўналишларида қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, таълим соҳасини ривожлантириш, таълим сифати ҳамда педагоглар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида жами 23 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

 

Жумладан, 3 та Президент фармони, 5 та Президент қарори ва 15 та Ҳукумат қарори тасдиқланган. Мазкур ҳужжатлар таълим тизимини такомиллаштириш, педагоглар меҳнатини рағбатлантириш ва таълим сифатини оширишга қаратилган.

 

Шунингдек, жорий йилда икки маротаба ўтказилган педагогларнинг малака тоифа синовларида 353 604 нафар педагог иштирок этган. Синовлар натижасига кўра, 22 311 нафар педагогга олий, 43 445 нафарига биринчи, 60 055 нафарига иккинчи, 13 371 нафарига мутахассис малака тоифаси берилган.

 

Бунинг натижасида умумий ҳисобда 125 811 нафар педагог малака тоифасини сақлаб қолган ёки оширган ҳамда уларга белгиланган тартибда малака тоифа сертификатлари топширилган.

 

Бундан ташқари, 6 553 нафар педагог амалдаги тартибга мувофиқ, аттестациядан ўтказилмасдан тўғридан-тўғри малака тоифа сертификатларига эга бўлган. Шунингдек, миллий ва халқаро тан олинган сертификатларга эга бўлган 48 минг 600 нафарга яқин педагогларга белгиланган тартибда устама тўловлари амалга оширилган.

 

Маълумот учун, мазкур тоифа синовларида юқори натижа кўрсатган педагоглар Талимхабарлари.уз сайтида ҳам ёритиб борилган эди. Хусусан, Бешариқ тумани ихтисослашган мактабининг математика фани бўйича тажрибали ўқитувчиси Қўшақув Жасурбек Яқубович малака синовида юқори натижани — 100 баллни тўплаб, олий тоифасини муваффақиятли ҳимоя қилган эди.