Ўқитувчилари қишки таътил вақтида ишга келишга мажбурми?

Ўқитувчилари қишки таътил вақтида ишга келишга мажбурми?

Амалдаги Меҳнат кодексининг 181-моддасига кўра, ходимлар ички меҳнат тартиб қоидаларига, сменаларга бўлиниб ишлаш (иш) жадвалларига, бошқа ички ҳужжатларга ёки меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнат мажбуриятларини қайси вақт мобайнида бажариши керак бўлса, ўша вақт иш вақтидир.

 

Иш вақтига қуйидагилар киради:

 

– ходим меҳнат мажбуриятларини ҳақиқатда бажарган вақт;

 

– Меҳнат кодексда назарда тутилган бошқа вақт даврлари.

 

Шунингдек, Меҳнат кодексининг 200-моддасига биноан, иш берувчи ходимларнинг ишга келиши ва ишдан кетиши ҳисобга олинишини ташкил этиши шарт.

 

Педагог ходимларнинг иш вақти улар бажариши керак бўлган педагогик юкламага мувофиқ белгиланади. Ўқитувчилар педагогик юкламасини бажариши ҳар кунлик ишга келиш-кетиш журналида қайд этилиб, ойлик иш вақти ҳисобга олиш табелида акс эттирилади.

 

Дарслар мавжуд бўлмаган даврларда ўқитувчилар бошқа педагогик юкламага кирувчи ишларда қатнашишлари ёки мактаб маъмурияти томонидан белгиланган топшириқларни бажаришлари лозим.

 

Меҳнат кодексининг 244-моддасига мувофиқ, иш берувчининг ўз молиявий аҳволидан қатъи назар, қонунчиликда, меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ ходимлар томонидан бажарилган иш учун ҳақ тўлашни амалга ошириш мажбуриятини меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасидаги асосий кафолатлардан бири ҳисобланади.

 

Агар ўқитувчи ишга келмаса, табелга киритилмайди ва унга маош тўланмайди. Агар мактаб ички қоидаларида кечикиш ёки ишга келмаслик меҳнат вазифаларини бузиш сифатида кўрсатилган бўлса, бу ҳолат ўқитувчи билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос бўлиши мумкин.

 

Демак, қишки таътил даврида дарслар йўқлиги ўқитувчиларга ишга келмаслик ҳуқуқини бермайди.

 

Аввалроқ, мактабларда қишки таътил қачондан бошланиши маълум бўлганлиги ҳақида хабар берган эдик.