ТАLIS-2024: Ўзбекистон ўқитувчиларининг мактаб бошқарувидаги иштироки халқаро даражадан паст

ТАLIS-2024: Ўзбекистон ўқитувчиларининг мактаб бошқарувидаги иштироки халқаро даражадан паст

Ўзбекистон мактабларида ўқитувчиларнинг академик ва ташкилий мустақиллик даражаси Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ОECD) мамлакатларидаги ўртача кўрсаткичдан сезиларли даражада паст экани қайд этилди. Педагогларнинг ўқув дастурини танлаш ва мактаб сиёсатини белгилашдаги иштироки чекланган.

 

Бу ҳақда ТАLIS-2024 халқаро тадқиқотининг Ўзбекистон бўйича ҳисоботида келтирилган таҳлилларда сўз боради.

 

Академик мустақиллик кўрсаткичлари

 

Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон ўқитувчиларининг ўқув жараёнидаги мустақиллиги (instructional autonomy) ривожланган давлатларга нисбатан пастроқ.

 

Таҳлилий диаграммада кўрсатилишича, педагоглар қуйидаги масалаларни ҳал қилишда кам иштирок этади ёки уларнинг ваколати халқаро меъёрдан паст:

 

– ўқув материалларини танлаш;

 

– курс мазмунини белгилаш;

 

– мактабда қайси фанлар ёки курслар ўқитилишини ҳал қилиш;

 

– рақамли ресурслардан фойдаланиш тартибини белгилаш.

 

Фақатгина ўқувчиларни баҳолаш фаолиятини танлаш ва ўқитиш методларини белгилаш бўйича кўрсаткичлар нисбатан юқори баҳоланган.

 

ТАЛИС-2024: Ўзбекистон ўқитувчиларининг мактаб бошқарувидаги иштироки халқаро даражадан паст

 

Мактаб бошқарувидаги иштирок

 

Ҳисоботда мактаб директорларининг фикрларига ҳам ўрин берилган. Раҳбарларнинг маълум қилишича, ўқув дастурлари, йўриқномалар ва мактабнинг бошқа ички сиёсатига оид қарорларни қабул қилишда ўқитувчиларнинг иштироки камида учдан икки қисм ҳолатда чекланган.

 

Хусусан, мактаб буджетини тақсимлаш ва интизом сиёсатини ишлаб чиқиш каби жараёнларда оддий ўқитувчининг таъсир доираси паст даражада қолмоқда.

 

Назорат ва ҳисобдорлик

 

Ўзбекистонда ўқитувчи фаолиятини баҳолаш тизими (аттестация ёки мониторинг) нафақат касбий ўсиш, балки қатъий назорат воситаси сифатида хизмат қилиши аниқланган.

 

Таҳлилларга кўра, ўзини ўқув дастурини татбиқ этишда «тўлиқ мустақил» деб ҳисоблайдиган ўқитувчиларнинг атиги 1 фоизигина йилда бир мартадан кам текширилади (ёки умуман текширилмайди).

 

Аввалроқ, Ўзбекистон ўқитувчилари сунъий интеллектдан энг фаол фойдаланувчилар қаторига киргани ҳақида хабар берган эдик.