Савол: Инглиз тили фани ўқитувчисиман. дарсларимиз гуруҳларга бўлиб ўқитилади. баъзан шеригим бўлмаганда гуруҳларни қўшиб ўқитаман. бу учун менга қўшимча ҳақ тўланадими?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги низомнинг 29-бандига асосан малакали ўқитувчилар етарли бўлган қуйидаги ҳолларда, яъни синфдаги ўқувчилар сони 25 нафар ва ундан зиёд бўлганда Чет тили, ихтисослашган фанлар, Технология, Информатика ва ахборот технологиялари, Ўзбек тили, Рус тили, Жисмоний тарбия фанлари икки гуруҳга бўлиб ўқитишга рухсат этилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сон қарори билан тасдиқланган «Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисида низом»нинг 22-бандига кўра, бўлиб ўқитиладиган фанлар бўйича гуруҳлардан бирининг ўқитувчиси турли сабабларга кўра дарсда бўлмаган ҳолатларда гуруҳлар қўшиб ўқитилади ҳамда қўшиб ўқитганлиги учун қўшимча ҳақ тўловларини амалга ошириш назарда тутилмаган.
Шунга кўра, синфдаги ўқувчиларни икки гуруҳга бўлиб ўқитиш учун ўқитувчилар сони етарли бўлмаса, бошқа ўқитувчи ишга қабул қилингунга қадар ушбу фанлар мактабдаги мавжуд ўқитувчи томонидан синфларни бирлаштирган ҳолда ўқитилади ҳамда икки гуруҳга бўлмасдан ўқитаётган ўқитувчи учун қўшимча ҳақ тўлашга рухсат этилмайди.
Умумтаълим муассасасида бўлиб ўқитиладиган фанлар бўйича гуруҳлардан бирининг ўқитувчиси турли сабабларга кўра дарсда бўлмаган ҳолатларда мактабда бошқа малакали ўқитувчи мавжуд бўлса, икки гуруҳга бўлиб ўқитишга рухсат этилади ва тегишли тўловлар амалга оширилади.
