10 декабрь куни Тошкентда «Таълим иштирокчиларини психологик қўллаб-қувватлаш бўйича энг яхши услубий қўлланма» танлови ғолиблари тақдирланди.
Танловга келиб тушган 100 га яқин ишланма орасидан амалиёт учун энг фойдалилари саралаб олинди.
Тадбир Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази томонидан Халқаро Нордик университети университетида ташкил этилди.
Вазирлик позицияси: Мақсад — муаммони ечиш эмас, унинг олдини олиш
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Азизбек Турдиевнинг таъкидлашича, бугунги кунда психологик хизмат шунчаки муаммолар билан ишлаш эмас.
«Бизнинг асосий мақсадимиз – нафақат билимли, балки руҳий жиҳатдан соғлом, ўзига ишонган ва жамиятга мослашувчан авлодни тарбиялашдир. Бу қўлланмалар мактабларда ижобий муҳит яратишда психологлар учун муҳим «дастуриламал» бўлиб хизмат қилади», – деди вазир ўринбосари.
«Бу давлат сиёсатининг муҳим қисми»
Тадбирда Таълимни ривожлантириш маркази директори ўринбосари Шаҳзодбек Курбаниязов ҳам сўзга чиқиб, ушбу танловнинг стратегик аҳамиятига алоҳида тўхталди.
«Ўзбекистонда таълим иштирокчиларини – ўқувчиларни, талабаларни, ўқитувчиларни ва ота-оналарни психологик қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланган.
Танловга 100 га яқин ишланма келиб тушгани соҳада бу масаланинг қанчалик долзарб эканини кўрсатади.
Ишончим комилки, сизларнинг меҳнатингиз ёш авлоднинг руҳий саломатлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади», – деди Шаҳзодбек Курбаниязов.
100 та лойиҳадан сараланган «бешлик»
Танловга келиб тушган методик ишланмалар орасидан энг яхшилари қуйидаги 5 та долзарб йўналиш бўйича ғолиб деб топилди:
Психологик фаровонлик ва эмоционал қўллаб-қувватлаш;
Болалар ва оила психологияси;
Педагог-психологлар амалиёти;
Инклюзив таълим;
Инновацион методлар.
Рақамлар сўзлаганда: 14 минг мутахассис малакаси оширилди
Тадбирда соҳа ривожи бўйича қилинган ишлар ҳисоботи ҳам берилди. Хусусан, каскад усулида ташкил этилган тренинглар орқали катта қамровга эришилган:
Центабр ойида 11 000 нафар мактаб психологининг малакаси оширилди;
Декабрь ойида эса 3 200 нафар боғча психологлари учун амалий машғулотлар ўтказилмоқда.
Энди барчаси бепул ва онлайн
Психологлар, ўқитувчилар ва ота-оналар учун муҳим янгилик: Танлов доирасида ва марказ томонидан ишлаб чиқилган 30 дан ортиқ ўқув-методик мажмуалар тўлиқ рақамлаштирилди. Ушбу қўлланмаларни Марказнинг «Ягона таълим ресурслари» порталидаги «Психологик хизмат» платформасидан бепул юклаб олиш мумкин.
Шунингдек, порталда синф раҳбарлари ва директор ўринбосарлари учун буллинг, суицид ва вояга етмаганлар жиноятчилигининг олдини олиш бўйича махсус малака ошириш курси ҳам ишга туширилди.



