Қишки ўқишни кўчириш учун аризалар қабули 20 декабрдан бошланади.
Қишки қабул жараёнларида ўқишни кўчириш ҳеч қандай махсус имтиҳонларсиз ўтказилади. Тақдим этилган ҳужжатлар вазирлик комиссияси томонидан кўриб чиқилиб, шунга асосан хулоса берилади.
Ўқишни кўчирмоқчи бўлган талабалар томонидан ҳудудий ишчи гуруҳларга қуйидаги ҳужжатлар 20 январгача офлайн шаклда тақдим этилиши керак:
– ўқишни кўчириш бўйича ариза (ариза бланкаси ҳудудий ишчи гуруҳи томонидан берилади ва талаба томонидан жойида тўлдирилади);
– талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома ёки транскрипт нусхалари (биттаси бўлса етарли);
– паспорт нусхаси;
– узрли сабабларни асословчи тегишли ҳужжатлар.
Аризалар 20 январгача қабул қилинса, ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.
Қишки переводда аризалар онлайн шаклда сайт орқали тўлдирилмайди. Керакли ҳужжатлар ҳар бир ОТМда ташкил этилган ишчи гуруҳга талаба ёки унинг яқин қариндошлари томонидан шахсан топширилиши шарт.
Қуйидаги сабабларга кўра, ўқишни қишки «перевод» орқали кўчириш мумкин:
– бошқа вилоятга турмушга чиққани сабабли ўша ҳудудга ўқишини кўчириши (ўзининг йўналишига ёки мос ва турдош йўналишга кўчириши, хохласа таълим шаклини ҳам ўзгартириб кўчириши ҳам мумкин);
– ота-онаси ёки турмуш ўртоғи давлат хизматчиси бўлиб, уларнинг доимий иш койи бошқа вилоятга кўчирилгани сабабли (бунда ҳам юқоридаги сингари шаклларда кўчириш мумкин);
– фақатгина давлат олийгоҳидан бошқа давлат олийгоҳига узрли сабабга кўра, тегишли тартибда кўчира олиш.
Қуйидаги ҳолатларда қишки «перевод»га рухсат берилмайди:
– ички перевод (бир олийгоҳ ичида таълим йўналишини ёки таълим шаклини ўзгартириш);
– бир ҳудуд доирасида бошқа олийгоҳга кўчириш (масалан бир вилоятдаги бошқа олийгоҳга ўқишни кўчириш);
– хорижий ёки республика ҳудудидаги уларнинг филиалларидан ўқишни кўчириш;
– давлат олийгоҳларидан хусусий олийгоҳларга ўқишни кўчириш;
– хусусий олийгоҳлардан давлат олийгоҳларига ўқишни кўчириш;
– хусусий олийгоҳлар ўртасида ўзаро ўқишни кўчириш ҳаракатлари;
– хусусий олийгоҳ билан боғлиқ ҳар қандай ўқишни кўчириш жараёнлари;
– хориждан давлат ёки хусусий олийгоҳларга ўқишни кўчириш.
