Қозоғистонда ҳам ўқитувчилар аттестация саволлари юзасидан норозилик билдирди

Қозоғистонда ҳам ўқитувчилар аттестация саволлари юзасидан норозилик билдирди

Шарқий Қозоғистон вилоятида ўқитувчилар оммавий равишда аттестация натижаларидан норози бўлиб чиқишмоқда. Уларнинг айтишича, янги баҳолаш тизимига киритилган «муаллифлик дастури» талаби бажарилиши имконсиз бўлгани сабабли кўплаб педагоглар малака тоифасиз қолган. Бу ҳақда «31 канал» маълум қилди.

 

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятда қарийб 200 нафар педагог аттестациядан ўта олмаган. Ўқитувчилар фикрича, баҳолаш мезонларининг кескин ўзгариши ва «муаллифлик дастурини ишлаб чиқиш» бўйича юклатилган талаб мантиқан ҳам, амалда ҳам бажарилиши қийин.

 

Муаллифлик дастури — бу педагогнинг ўз қарашлари, методик ёндашувлари ва касбий қадриятларини акс эттирувчи ижодий ҳамда профессионал лойиҳа ҳисобланади.

 

Бошланғич синф ўқитувчиси Назим Калиакпарованинг таъкидлашича, муаллифлик дастури уч босқичда — синовдан ўтказиш, ўқув режасига киритиш ва амалиётга жорий этиш тарзида бажарилиши керак.

 

«Бу ишлар йил бошида, яъни центабрда амалга оширилиши керак. Аммо вақт аллақачон ўтиб кетган. Талабнинг айнан ҳозир қўлланилиши мантиқсиз» — дейди у.

 

Ўқитувчилар тоифа пасайтирилса, уларнинг маоши қисқариши, шунингдек, сўнгги уч ой давомида олинган устамаларни давлатга қайтариб беришлари мумкинлигини қайд этмоқда.

 

Маҳаллий таълим бошқармаси вакиллари эса мазкур масалада қўлларидан келадигани фақат аттестациядан ўта олмаганларга баҳолаш методикасини тушунтириш эканини айтишди.

 

Бўлим раҳбари Асел Булжанованинг сўзларига кўра:

 

«2024 йилда муаллифлик дастурини тайёрлаш талаби мавжуд бўлган, аммо у асосий баҳолаш тизимига киритилмаган. Январда Вазирлик буйруққа ўзгартириш киритди ва ушбу талабни балл тизимига қўшди. Ўқитувчи шартларнинг ҳеч бўлмаганда биттасини бажармаса, аттестациядан ўтолмайди. Буйруқни Вазирлик ўзгартирган, шунинг учун қўшимча саволлар билан уларга мурожаат қилинади».

 

Жавоблардан қониқмаган бир гуруҳ педагоглар судга мурожаат қилиш ниятида эканини билдирди.

 

Маълумот учун, бундан аввалроқ Ўзбекистонда ҳам ўқитувчилар аттестация саволлари юзасидан норозилик билдиришган эди.

 

https://youtu.be/eQxp2GQByho