Сурхондарёдаги таълим муассасаларида 27,4 миллиард сўмдан ортиқ молиявий хато ва камчиликлар аниқланди (видео)

Сурхондарёдаги таълим муассасаларида 27,4 миллиард сўмдан ортиқ молиявий хато ва камчиликлар аниқланди (видео)

2025 йилда Сурхондарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда тасарруфидаги муассаса ва ташкилотларда 4 477 ҳолатда 27,4 миллиард сўмдан ортиқ молиявий хато ва камчиликлар аниқланди.

 

Мазкур назорат тадбирларида, жорий йилнинг 9 ойида таълим муассасаларидаги мазкур камчиликлар аниқланиб, тўлиқ буджетга қайтарилган.

 

Вилоят ММТБ коррупцияга қарши курашиш ва ҳуқуқий назорат шўбаси бош мутахассиси Баҳром Абдумўминовнинг таъкидлашича, прокуратура идоралари билан ҳамкорликда 2025 йил сентябрь октябрь ойларида ўтказилган ўрганишлар жараёнида 600 дан ортиқ мактаблардаги 2 762 нафар ўқитувчиларга берилиши мумкин бўлган устамалар ўрганиб чиқилган.

 

«Натижада, устамалар нотўғри тайинлангани аниқланди. Ушбу тадбирлар орқали 15 миллиард 100 млн сўм миқдордаги бюджет маблағлари ноқонуний тўланиши олди олинди».

 

2025 йилнинг 9 ойи давомида Сурхондарё вилоятида коррупция билан боғлиқ ҳолатлар кўриб чиқилиб, 35 нафар масъул ходим жиноий жавобгарликка тортилган.

 

2024 йилда мактаб ўқувчилари томонидан 71 та жиноят 80 нафар ўқувчилар иштирокида содир этилган бўлиб, жорий йилда 16 та жиноят ва 13 нафар иштирокчига камайган.

 

Сурхондарё вилояти прокуратурасининг қайд этишича, моддий жавобгар шахслар томонидан йўл қўйилган 16,5 миллион сўмлик камомад ҳам ундирилган.

 

Шунингдек, раҳбар кадрлар фаолиятини шаффоф баҳолаш мақсадида 72 нафар директор ротация қилинган, 253 нафар раҳбарга интизомий чора қўлланилиб,191 нафари билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган.