Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинган иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўгрисида» 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5172-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги давлат олий таълим муассасалари бакалавриатининг кундузги таълим шаклига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар талаба орасидан Президент гранти совриндорларини аниқлаш белгиланган.
Жорий йил 26 ноябрь куни Билимни баҳолаш агентлиги томонидан Президент гранти танлови иштирокчилари ва хорижда истиқомат қилаётган ёш ватандошлар учун танлаган бакалавриат таълим йўналишига кириш фанлари бўйича тест синовлари бўлиб ўтди.
Талабгорлар хорижий тил ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича тест синови топширди. Унда 45 нафар талабгор иштирок этди.
Тест синовларида ҳар бир фан бўйича 50 тадан савол берилиши белгиланган ва ҳар бир тўғри жавоб 2 балл билан баҳоланади. Бунда тўплаш мумкин бўлган максимал балл 200 баллни ташкил этади.
Тест синови натижалари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этилади.
Яхши натижа қайд этганлар қандай тақдирланади?
Президент гранти учун белгиланган стипендия иккинчи курснинг ўқув йили бошидан ойма-ой тўланади ва шу муносабат билан унга умумий шартларда белгиланадиган стипендия тайинланмайди.
Навбатдаги ўқув семестри якунига кўра, барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат «аъло» баҳо бўлганда, Президент гранти учун белгиланган стипендия қайта тайинланади ва тўлаб борилади.
Шунингдек, ўқиш якунига қадар Президент грантини узлуксиз олган талабалар бакалавриат таълим йўналишига мос ва турдош мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.
Ушбу стипендия миқдори Президент стипендияси билан бир хил. Президент стипендияси эса 2 410 695 сўмни ташкил этади.
