Грецияда ўқитувчилар сунъий интеллект бўйича махсус тренинглар орқали ўқитилмоқда

Грецияда ўқитувчилар сунъий интеллект бўйича махсус тренинглар орқали ўқитилмоқда

Греция ҳукумати таълим тизимига сунъий интеллектни кенг жорий этиш мақсадида ўрта мактаб ўқитувчилари учун махсус AI тренингларини бошлади. OpenAI билан тузилган келишувга кўра, 20 та мактаб ўқитувчилари ChatGPT’нинг таълимга мослаштирилган версиясидан фойдаланишни ўрганмоқда. Бу ҳақда «The Guardian» нашри маълум қилди.

 

Расмийларнинг айтишича, лойиҳа муваффақиятли бўлса, у январь ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйича кенгайтирилади.

 

Таълим вазири София Зачараки, «Сунъий интеллект аллақачон ҳаётимизда. Биз бундан четда тура олмаймиз», дея таъкидлаган.

Бироқ лойиҳа Грецияда турли мунозараларга сабаб бўлмоқда. Баъзи ўқитувчилар ва ўқувчилар AI’нинг ўқув жараёнига таъсири борасида хавотир билдирмоқда. Уларнинг фикрича, сунъий интеллект ўқувчиларнинг мустақил фикрлаши ва ижодкорлигини чеклаши мумкин.

 

17 ёшли ўқувчи Аристидис Толос бу жараёндан қўрқаётганини айтиб, «AI — бу машина, у руҳсиз. Ундан қўрқаман», деган.

OpenAI вакиллари эса Греция билан ҳамкорликни «янги таълим босқичи» деб атаб, мактабларда AI’дан хавфсиз ва тўғри фойдаланиш бўйича энг яхши амалиётлар жорий этилишини маълум қилган.

 

Айрим педагоглар лойиҳа ўқитувчиларни алмаштириб юбориш ёки болаларда экранларга боғлиқланиб қолишидан хавотирда. Грецияда яқин орада 15 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш ҳам режалаштирилмоқда.

 

Ҳозиргача сунъий интеллект асосан хусусий мактабларда қўлланилган бўлса, энди мамлакат бутун таълим тизими бўйлаб ChatGPT’ни татбиқ этишни кўзламоқда.

 

Аввалроқ, Ҳиндистонда бошланғич мактабдан бошлаб робототехника ва сунъий интеллект дарслари киритилганлиги сабабли, ўқитувчилар учун махсус ўқув-методик материаллар тайёрланиб, тренинглар ўтказилганлиги ҳақида хабар берган эдик.