Билимни баҳолаш агентлиги ва кимё фани ўқитувчилари ўртасида миллий сертификат натижалари юзасидан учрашув бўлиб ўтди

Билимни баҳолаш агентлиги ва кимё фани ўқитувчилари ўртасида миллий сертификат натижалари юзасидан учрашув бўлиб ўтди

Бундан бир неча кун аввал кимё фани ўқитувчилари миллий сертификат синовлари бўйича норозилик билдиргани ҳақида хабар берган эдик. Унга кўра, 2025 йил 4 октябрь куни бўлиб ўтган кимё фанидан миллий сертификат имтиҳони натижалари эълон қилингач, натижалар Республика бўйлаб фаолият юритувчи кўплаб кимё ўқитувчилари ва репетиторлар орасида кескин хавотир уйғотган ва улар миллий сертификат имтиҳони бўйича адолатли текширув ўтказилишини сўраб Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига мурожаат қилишган.

 

Кеча ушбу мавзу юзасидан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигида ўқитувчилар ва мутасаддилар ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда агентлик таклифига кўра, talimxabarlari.uz сайти журналисти ҳам қатнашди.

 

Агентлик масъуллари ва ўқитувчилар ўртасида тизим фаолияти, баҳолаш методлари, раш модели ва бошқа жиҳатлар муҳокама қилиниб, масъуллар томонидан тушунча берилди.

 

Маълумотларга кўра кимё фанидан миллий сертификат синовларида республика бўйича 13460 нафар талабгор иштирок этган. Ушбу иштирокчилардан 220 нафари тестдан 75% дан юқори балл олган, ҳамда мана шу 220 нафар иштирокчининг 14 нафари ёзма ишдан 50% дан кам балл тўплаган.

 

Масъуллар бу табиий ҳол ҳисобланиб, ҳар йили маълум бир иштирокчида шундай натижа бўлишини айтиб ўтишди. Уларга кўра, бу статистика тестлар оммавий тарқалмаганини тасдиқлайди. Чунки тестлар тарқалиб кетган тақдирда, юқори натижа олган иштирокчилар сони қуйидагидан анча кўп бўлар эди.

 

Тест жараёнларида замонавий технологиялардан фойдаланишга уриниш ҳолатлари ҳам кўп учраб турибди. Маълум қилинишича айнан кимё фанидан миллий сертификат имтиҳонида ҳам 59 нафар иштирокчи шундай воситалар билан қўлга тушиб тестдан четлатилган. Иштирокчилар томонидан тест тарқатишга уриниш ҳолатлари, тизимда хатоларни келтириб чиқариши таъкидланди.

 

Агентлик шу каби ва бошқа муаммоли вазиятларнинг олдин олиш йўллари устидан ишлаётгани, баҳолаш усуллари такомиллаштириш босқичида эканлигини маълум қилди. Шунингдек, яқин орада ёзма синовлар бўйича ҳам диагностика жараёнлари ташкил қилиниши кутилмоқда экан.

 

talimxabarlari.uz жамоаси очиқлик, шаффофлик ва оммавий ахборот воситалари билан юқори даражадаги ҳамкорлик учун билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига миннатдорлик билдиради.

 

Мавзу юзасидан савол ва таклифларингиз бўлса  @talimxabarlariga_bot орқали юборинг.