Глобал конвенцияни ратификация қилиш ўзбекистонликларга қандай имконият яратади?

Глобал конвенцияни ратификация қилиш ўзбекистонликларга қандай имконият яратади?

Хабар берганимиздек, 2025 йил 11 ноябрда Президент томонидан имзоланган ЎРҚ–1094-сонли Қонун билан Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция (Париж, 2019 йил 25 ноябрь) ратификация қилинди.

 

Конвенция Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарихидаги олий таълим соҳасига оид илк глобал шартнома бўлиб, у барча мамлакатлар учун ягона ва адолатли тамойилларни белгилайди.

 

Ўзбекистон «Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция»ни ратификация қилган 39 мамлакатдан бирига айланди. Ўзбекистоннинг бу қадамни ташлаши ҳам халқаро ҳамжамиятдаги нуфузини янада мустаҳкамлайди, олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш ва академик мобилликни таъминлашда янги имкониятлар очади.

 

Конвенцияга аъзо давлатлар орасида Япония, Финляндия, Швесия, Норвегия, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Қироллиги, Австралия ва Янги Зеландия каби мамлакатлар ҳам бор. Шунингдек, Грузия, Литва, Луксембург, Словакия ва Руминия ҳам конвенцияга қўшилган.

 

Шартнома преамбула, 7 бўлим ва 25 моддадан иборат бўлиб, конвенциянинг мақсадлари, олий таълимга оид малакаларни тан олишнинг асосий тамойиллари ҳамда конвенцияга аъзо давлатларнинг мажбуриятларини ўз ичига олади.

 

«Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция»нинг биринчи ва еттинчи моддаларига кўра, аъзо давлатлар хорижий мамлакатда олинган олий таълимга оид малакаларни ўзаро тан олиш мажбуриятини олади. Бу эса, ҳар бир давлат учун ўз миллий мақсадлари ва таълим стандартларидан келиб чиқиб, хорижда олинган малакаларни баҳолаш имконини таъминлайди. Шу билан бирга, хорижий фуқаролар учун таълим хизматларини амалга оширишда ҳам тегишли талаблар қўйилади.

 

Бу жараён таълимнинг давомийлиги ва барқарорлигини таъминлаш, хорижда эгалланган таълим дастурининг мазмуни бўйича махсус стандартлар ўрнатиш, ҳамда талабанинг ўқиш жараёнида тўсиқларсиз давом этишини кафолатлашга хизмат қилади. Масалан, Ўзбекистон Миллий университетининг иккинчи босқич талабаси Буюк Британиядаги олий таълим муассасасида таълим олиши учун ўз малакасига мос бўлган таълим стандартларини бажариши лозим. Бу эса талабанинг билим ва кўникмаларини халқаро миқёсда тан олинишини таъминлайди.

 

Шу тариқа, Конвенция нафақат талабаларнинг халқаро академик мобиллигини рағбатлантиради, балки Ўзбекистонда миллий малака талаблари ва стандартларини халқаро меъёрларга уйғунлаштириб, таълим тизимининг фаол интеграциялашувини таъминлайди.

 

Конвенциянинг еттинчи моддасига кўра, таълимда сифат кафолати Конвенцияга аъзо давлатларнинг миллий органлари ҳамда халқаро аккредитация ташкилотлари орқали таъминланади. Иштирокчи давлатлар ҳукуматлараро конференцияси эса мунтазам маълумот алмашинувини таъминлаб, аъзо давлатларда таълим сифатини назорат қилиш ва такомиллаштириш бўйича йўриқномалар ва тавсиялар ишлаб чиқади.

 

Шундай қилиб, глобал конвенция Ўзбекистонда таълим хизматлари сифати ва малакаларни халқаро стандартлар асосида тан олишда энг муҳим платформага айланиб, миллий таълим тизимини дунё майдонида рақобатбардош ва интеграциялашган ҳолатга олиб чиқади.

 

Ўзбекистоннинг «Олий таълим соҳасида малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенция»ни ратификация қилиши мамлакат фуқаролари учун хорижий таълим тизимига чуқур кириш имкониятларини яратди. Мазкур конвенция диплом ва малакаларни халқаро миқёсда тан олиш учун ягона ҳуқуқий асосни белгилайди. Шу орқали Ўзбекистон талабалари чет элдаги олийгоҳларда таҳсил олиш, магистратура ва докторантура дастурларига тенг ҳуқуқли қабул қилиниши мумкин.

 

Айни замонда ҳар бир давлат ўз миллий мақсадлари ва талабларидан келиб чиққан ҳолда хорижда олинган малакаларни баҳолаш, улар асосида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун алоҳида шартлар белгилаши мумкин. Бу талаблар махсус синовлар, қўшимча малака сертификатлари ёки қайта тайёрлашни ўз ичига олиши мумкин. Конвенция эса бу жараёнларни соддалаштирилган ва очиқ механизмлар орқали амалга ошириш имконини беради,- дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов «Янги Ўзбекистон» газетасига берган мақоласида.

 

Масалан, Ўзбекистон олийгоҳи битирувчиси ўз малакасини Конвенцияга аъзо давлатлардан бири — Буюк Британияда соддалаштирилган тартибда тан олдириб, шу мамлакатда малакали меҳнат фаолияти билан шуғулланиши мумкин. Бу механизм нафақат ёшлар учун халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош муҳит яратади, балки миллий малака тизимини халқаро стандартларга уйғунлаштиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 

Шу билан бирга, конвенция Ўзбекистоннинг таълим хизматлари бозори имкониятларини ҳам кенгайтиради ва хорижий талабаларни мамлакатимиз олий таълим муассасаларига жалб қилиш учун замин яратади.

 

Умуман, ЮНEСКО Глобал конвенциясининг ратификация қилиниши Ўзбекистонни жаҳон таълим майдонининг тенг ҳуқуқли иштирокчисига айлантириб, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, интеллектуал салоҳиятни ошириш ва ёш авлоднинг глобал миқёсда эркин ҳаракатланиши учун кенг имкониятлар яратади.