Хабарингиз бор, Ҳукуматнинг 2025 йил 28 апрелдаги тегишли қарорига асосан, айни дамда ўтказилаётган малака (тест) синовлари натижалари «Йил ўқитувчиси» танловининг биринчи — саралаш босқичи сифатида ҳам белгиланган.
Ижтимоий тармоқларда «Вазирлик педагогларнинг «Йил ўқитувчиси» натижаларини ўзгартириб қўймоқдами?» мазмунидаги хабарлар тарқалди.
«Йил ўқитувчиси» танлови натижалари бўйича юзага келган саволларга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги изоҳ берди.
Биринчи ва олий тоифали педагогларнинг малака (тест) синов натижалари танловда иштирок этиш талабларига мос келган тақдирда, улар умумтаълим соҳаси ходимлари ўртасида ўтказиладиган «Йил ўқитувчиси» танловига номзодлар сафига қўшилади.
Вазирлик маълумотига кўра, тест синовлари жараёнида педагоглар платформада тест топшириқларини бошлашдан аввал, компьютер экранида махсус эслатма ва хабарнома пайдо бўлади. Унда синов натижаларининг «Йил ўқитувчиси» танловининг саралаш босқичи сифатида ҳисобланиши ҳақида маълумот берилган.
«Педагоглар ушбу хабарнома билан танишганларидан сўнг, синов топшириқларини бажаришни бошлайдилар. Тест якунлангач, платформа автоматик тарзда икки турдаги натижани тақдим этади:
1. Малака тоифаси аттестацияси натижалари — одатдаги баҳолаш тизими бўйича;
2. «Йил ўқитувчиси» танлови бўйича натижалар — тўғри жавоблар сонига нисбатан танлов шкаласи асосида ҳисобланган балл кўринишида.
Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқларда «Вазирлик педагогларнинг «Йил ўқитувчиси» натижаларини ўзгартириб қўймоқдами?» маъносидаги хабарлар тарқалди. Қуйида ушбу ҳолат бўйича батафсил тушунтириш бериб ўтамиз».
Ижтимоий тармоқларда тарқалган педагогнинг pedagog.uzedu.uz платформасидаги шахсий саҳифасидан олинган расмда қуйидагиларни кўришимиз мумкин:
«Йил ўқитувчиси» танлови бўйича тест натижалари ҳисобланишига доир изоҳ
«Аттестация ва «Йил ўқитувчиси» танлови доирасида ўтказилган тест синовларининг дастлабки натижалари бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:
Тест топшириқларининг биринчи блоки 40 та саволдан иборат бўлиб, шундан:
- 35 таси мутахассислик (асосий) фанига,
- 5 таси касбий стандартга оид саволлардир.
Бу саволлар тест вариантлари автоматик генерация қилиниш жараёнида аралаштирилган ҳолда жойлаштирилган.
Натижаларни ҳисоблашда 1–35-гача бўлган саволларга берилган тўғри жавоблар 3.1 баллга, 36–40-гача бўлган саволларга берилган тўғри жавоблар эса 1.1 баллга кўпайтирилиши керак эди.
Аммо вариантларда 1–40 рақамлар оралиғида мутахассислик ва касбий стандартга оид саволлар аралашиб тушгани кузатилган. Натижада баъзи ҳолларда касбий стандарт саволлари учун 3.1 балл, мутахассислик фанлари учун эса 1.1 балл билан ҳисобланган.
Кейинги босқичда тизимда ушбу техник хатолик бартараф этилган педагогнинг натижаларига блоклар кесимида (мутахассислик ва касбий стандарт алоҳида) қайта аниқлик киритилди. Натижалар стандарт коэффициентлар асосида қайта жойлаштирилиб чиқилди.
Шу билан бирга, бу тузатишлар аттестация натижаларига ва тўғри жавоблар сонига таъсир кўрсатмаганлигини алоҳида таъкидлаймиз», — деб қўшимча қилади вазирлик.
Таъкидланишича, 2-босқич Педагогик маҳорат бўйича (10 та тест топшириғи) ҳар бир тўғри жавоб учун — 2,1 балл берилган. Педагогик маҳоратдан тушган 10 та саволда барча баллар тўғри жойлаштирилган.
Шунингдек, педагогларга тушган саволлар сони — мутахассислик фанидан 35 та ва касбий стандартдан 5 та — ҳеч қандай ўзгаришга учрамаган.



