Хабрингиз бор, «Менинг мактабим» лойиҳасининг 2025/26 ўқув йилидаги биринчи мавсуми доирасида лойиҳа киритиш босқичи бошланган эди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарига кўра, 22-31 октябрь кунлари мактаб ўқувчиларидан ўз мактабини қўшимча жиҳозлаш бўйича жами 112 272 та лойиҳа келиб тушган.
Бу кўрсаткич билан, «Очиқ буджет» порталида ўтказиб келинаётган ташаббусли буджетлаштириш жараёнларидаги рекорд янгиланди.
Вазирлик, шунингдек, ўқувчиларни лойиҳада қатнашишга рағбатлантириш учун «Энг қизиқарли лойиҳа» танловини ҳам эълон қилган.
Кўплаб ўқувчилар интерактив сенсорли панель, рақамли микроскоп ва спорт жиҳозлари каби таълим билан боғлиқ таклифларни илгари сурган бўлса, айримлар мактаб учун виртуал кўзойнаклар ва робототехника тўплами сотиб олишни таклиф қилган. Мусиқа хонаси учун пианино олиш ёки мактаб ҳудудида катта шахмат майдони қуришни сўраётганлар ҳам бор.
Шу билан бирга, порталда синфхона учун замонавий парта, кийим жавон, сувдон (кулер), жўмрак учун мўлжалланган сув иситкич каби таклифларни ҳам кўриш мумкин.
Барча лойиҳалар 1-10 ноябрь кунлари сараланади, саралашдан ўтганлари 11-20 ноябрь кунлари овоз бериш босқичига ўтказилади. Овоз беришда фақатгина мактаб ўқувчилари ўз мактаби бўйича киритилган таклифларга овоз бера олади.
Шу тариқа, «Менинг мактабим» лойиҳаси ўқувчиларда ташаббускорлик, лидерлик ва жамоа бўлиб ишлаш сифатларини шакллантиради, давлат буджети ҳақидаги тасаввурларини амалий тарзда бойитади.
Энг кўп овоз олган таклифлар рўёби учун ҳар бир мактабга маҳаллий буджетдан 62 млн сўмдан пул ажратилади.
Жорий мавсумда 112 та тумандаги мактаблар қатнашяпти. Қолган туманлар декабрь ойида бўладиган иккинчи мавсумда иштирок этади.
