Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда STEM таълимни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар йўналтиради

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда STEM таълимни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион доллар йўналтиради

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда ўрта таълим тизимида фан, технология, муҳандислик ва математика (STEM) фанларини ўқитиш сифатини ошириш мақсадида 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати маълум қилди.

 

 

Лойиҳа доирасида мамлакат бўйлаб 200 та умумий ўрта таълим мактаби замонавий талабларга мос равишда янгиланади ва қўшни таълим муассасалари учун ресурс марказларига айлантирилади. Янги муҳит доирасида замонавий лабораториялар, ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси, қуёш энергияси тизимлари ҳамда имконияти чекланган болалар учун инклюзив шарт-шароитлар яратилади.

 

 

Шунингдек, бутун республика бўйлаб олтита STEM фани бўйича ўқитувчилар тайёрланади, фанлараро ёндашув асосида таълимни ривожлантириш ҳамда қизларни ушбу соҳаларга йўналтириш учун тарғибот тадбирлари ўтказилади.

 

 

Мазкур лойиҳа Ўзбекистоннинг 2022–2026-йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясига ҳамоҳанг бўлиб, ОТБнинг 2030-йилгача бўлган стратегиясида белгиланган рақамли трансформация, гендер тенглиги ва иқлим барқарорлиги йўналишларига мос келади. Шу билан бирга, у ОТБнинг таълим ва инсон капитали ривожига қаратилган, “яшил” иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлашга оид ташаббусларини тўлдиради.

 

 

ОТБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Канокпан Лао-Арая таъкидлашича, STEM таълимини кучайтириш мамлакат ёшларига инновацион кўникмаларни шакллантиришга ёрдам беради ҳамда Ўзбекистонни 2030-йилга бориб даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан жой олишига хизмат қилади.

 

 

Шунингдек, ОТБ яқинда давлат сектори самарадорлигини ошириш, давлат корхоналарини модернизация қилиш ва ЖСТга аъзо бўлишга тайёргарлик жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистонга 500 миллион долларлик кредит ажратишни ҳам маъқуллади.

 

 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги ҳамкорликка 30 йил тўлди. 1995-йилдан буён банк мамлакатга турли лойиҳалар учун жами 14,6 миллиард доллар миқдорида маблағ ажратган.