2025-йил 9-октябр куни Times Higher Education (THE) халқаро нашри томонидан эълон қилинган “World University Rankings 2026” натижаларига кўра, Ўзбекистон олий таълим муассасалари жаҳон рейтингида юқори натижани эгаллади.
Хусусан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти илк бор дунё университетлари рейтингида TOP-600 (501–600) таликдан ўрин олган.
Бундан ташқари, қуйидаги Ўзбекистон олий таълим муассасалари ҳам рейтингда қайд этилган:
– Тошкент давлат техника университети – 1001–1200 таликда;
– Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети – 1201–1500 таликда;
– Тошкент ахборот технологиялари университети – 1501+ тоифада.
Шунингдек, 58 та Ўзбекистон ОТМ reporter (даъвогар) сифатида рўйхатга киритилган.
2026-йилги рейтингда 115 та давлат ва ҳудуддан 2 191 та университет иштирок этган. Улар орасида Марказий Осиё ва Кавказ минтақасидан 17 та университет бўлиб, Ўзбекистон илк бор тўртта олий таълим муассасаси билан қайд этилган.
“Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси глобал олий таълим харитасида янги марказга айланмоқда. Ўзбекистон университетларининг рейтингдаги муваффақиятлари минтақада илмий изланишлар маданияти ва халқаро рақобатбардошликнинг ортиб бораётганини кўрсатмоқда”, — дейди Times Higher Education Global ишлари бўйича директори Фил Бети.
Маълумот ўрнида, Times Higher Education World University Rankings — дунёдаги энг нуфузли халқаро рейтинглардан бири бўлиб, у олий таълим муассасаларининг фаолиятини таълим сифати, тадқиқот муҳити, илмий таъсир, халқаро очиқлик ва саноат билан ҳамкорлик каби беш асосий йўналиш бўйича баҳолайди.
