Хабарингиз бор, жорий йил 6 октябрда 2−3 балл атрофида бўлган ерости силкиниши туфайли Тошкентдаги ётоқхоналарнинг бирида талабалар орасида ваҳимага сабаб бўлгани тасвирланган видео тарқалганди.
Унда, Туркманистонлик талабалар ўз юртларида бундай табиий ҳодисалар кам учраши сабабли зилзила моҳиятини етарлича билмаслигини билдирган эди.
Шу сабаб, 8 октябрь куни «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети, «Ер ресурслари ва кадастр» факультетида таҳсил олаётган Туркманистонлик талабалар ўртасида психологик тинчликни тиклаш, тўғри ҳаракатланиш кўникмаларини шакллантириш ва хавфсизлик маданиятини ошириш мақсадида «Зилзила пайтида тинчликни сақлаш — энг катта хавфсизлик!» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Унда мутахассислар томонидан зилзила нима, унинг содир бўлиш сабаблари, эпицентр ва магнитуда каби асосий тушунчалар изоҳлаб берилган. Талабалар зилзила вақтида психологик хотиржамликни сақлаш, ваҳимага берилмаслик ва бошқаларга ёрдам беришнинг аҳамиятини тушунтирилган.
Амалий машғулотлар давомида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилган:
– зилзила пайтида хавфсиз жойни (стол таги, девор бурчаги, эшик ромлари) тўғри танлаш;
– электр жиҳозлари ва газ манбаларини ўчириш зарурлиги;
– лифтлардан фойдаланмаслик, эвакуация вақтида тартиб ва бирдамликни сақлаш;
– очиқ майдонга чиққанда бинолар, дарахтлар ва электр устунларидан узоқроқ жойда тўпланиш;
– зилзила тўхтагач расмий хабарларни кутиш, ўзбошимчалик билан биноларга қайтмаслик.
Тренинг жараёнида талабалар учун эвакуация машқи ҳам ўтказилган. Улар сигнал берилгач, белгиланган йўлаклар орқали бинодан чиқиш, очиқ майдонда хавфсиз тарзда тўпланиш ҳаракатларини амалда бажарилган.

