Президентнинг «Мактабдан ташқари таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2025 йил 1-октабрдан бошлаб умумий ўрта таълим ташкилотларида мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий этилади.
Мазкур лавозим 3 400 та штат бирлиги ҳисобидан ташкил қилинади. Улар маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимлари қисқартирилиши ҳисобига ажратилади. Эндиликда ҳар бир мактабда фақат 1 штат бирлигида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари фаолият юритади.
Шунингдек, республикадаги барча таълим муассасаларида 1 ставкадан ортиқ бўлган (жумладан 0,5; 1; 1,5 ставкалар ҳам) маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари мақбуллаштирилади. Масалан, бир мактабда 2,5 ставка мавжуд бўлса, у ҳолда фақат 1 ставка қолдирилади, қолган 1,5 ставка қисқартирилади.
Мисол учун, Жиззах вилояти Ш. Рашидов туманидаги 12 та мактабда 2,5 ставка маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари мавжуд бўлиб, уларнинг 1,5 ставкаси қисқартирилади.
