АҚШнинг Миссури штатида 19 ёшли талаба Райан Шефер полиция томонидан автомобилларга оммавий зарар етказганликда гумонланиб қўлга олинди. Спрингфилд полицияси маълумотларига кўра, йигит воқеадан сўнг ChatGPT орқали ёзишмаларида ўз қилмишини тан олган ва вандализм учун жазодан қандай қутулиш мумкинлигини сўраган. Бу ҳақда «Habr» нашри хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, кечаси соат учларда Шефер 17 та автомобилнинг ойнасини синдириб, кўзгуларини юлиб ташлаган, капотларига зарар етказган ва ойнатоғалагичларини бузган. Видео кузатув ёзувлари унга кўрсатилганда, у видеодаги шахс ўзи билан ўхшашлигини тан олган ва iPhone’ини текширишга рози бўлган. Смартфон таҳлили йигитнинг воқеа жойида бўлганини тасдиқлаган.
Бундан ташқари, ChatGPT билан ёзишмаларида у содир этган ишини очиқ тан олган, илгари ҳам шунга ўхшаш ҳолатда жазодан қутулганини айтган. Ёзишмалар давомида унинг овози ва муносабати тажовузкорликдан хотиржамликка ўзгарган, бироқ баъзи жумлаларда бошқа одамларга нисбатан таҳдидлар ҳам аниқланган.
Ҳозирда талаба мулкка қасддан зарар етказганликда айбланмоқда. Суд қарорига кўра, у ҳибсда сақланади, озодликка чиққач эса спиртли ичимликлар сотиладиган жойларга кириши тақиқланади, алкогол ва гиёҳванд моддалар истеъмолини махсус тестлар орқали текшириш шарти билан назорат остида бўлади ҳамда жойлашувини аниқлаш учун электрон кузатув қурилмаси тақиб юради.
