Дания ҳукумати бошланғич синфда телефондан фойдаланишни тақиқламоқда

Дания ҳукумати бошланғич синфда телефондан фойдаланишни тақиқламоқда

Данияда деярли барча сиёсий партиялар бошланғич синф ўқувчилари орасида мобил телефонлардан фойдаланишни чеклаш бўйича келишувга эришди.

 

DR нашрининг ёзишича, янги тартиб 2026/27-ўқув йилидан кучга кириши мумкин. Мазкур қарор мамлакат бўйлаб барча бошланғич мактабларда татбиқ этилиб, у ўқувчиларнинг дарс жараёнида чалғимаслигини ва таълим самарадорлигини оширишни кўзлайди.

 

Янги қоида шуни назарда тутадики, кичик синф ўқувчилари телефонлардан нафақат дарс вақтида, балки асосий машғулотлардан кейин ҳам фойдалана олмайди. Бу чеклов мактаб планшетлари ва компьютерларидан ташқари, интернетга уланадиган барча портатив қурилмалар (мобил телефонлар, планшетлар, ноутбуклар, электрон китоб ўқувчи қурилмалар, смарт-соатлар, ўйин консоллари, аudio player) ни қамраб олади.

 

Шу орқали мактабларда болалар орасида телефонга қарамликни камайтириш, уларнинг эътиборини китоб, дафтар ва ўқитувчи билан мулоқот каби анъанавий таълим воситаларига қаратиш мақсад қилган.

 

Шу билан бирга, айрим ўқувчилар учун истиснолар белгиланган. Масалан, соғлиғи туфайли махсус иловадан фойдаланадиган болалар ёки ўқиш жараёнида зарур бўлган дастурларга эҳтиёж сезадиганлар телефонидан фойдаланишда давом этиши мумкин.

 

Қарор доирасида мактабларга алоҳида мажбуриятлар ҳам юкланмоқда. Эндиликда улар ўз Wi-Fi тармоқлари орқали ўқувчиларга ижтимоий тармоқлар, онлайн-дўконлар, стриминг ва ўйин сервисларидан ташқари, онлайн-казино ва катталар учун мўлжалланган саҳифаларга киришни тақиқлайди. Шу тариқа нафақат дарс жараёнида, балки танаффус ва бўш вақтларида ҳам болаларнинг зарарли контентга дуч келишининг олди олинади.

 

Бироқ аксарият мактабларда аллақачон телефонлардан кўнгилочар мақсадларда фойдаланишни чекловчи қоидалар мавжуд. Янги тартиб эса ушбу чораларни янада қатъийлаштириб, мактабларда интизом ва ўқув жараёнининг самарадорлигини оширишни мақсад қилмоқда.