Президент ўқитувчиларга йўллаган табрик нутқида таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълум қилди.
Сўнгги саккиз йил ичида таълим ва илм-фан учун харажатлар олти баробар ошиб, 378 трлн сўмни ташкил этди. Шу даврда юзлаб янги боғчалар, мактаб, техникум ва олийгоҳлар барпо этилди, мавжудлари замонавий талаблар асосида жиҳозланди.
Мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошди, боғчалар сони 5200 тадан 38 мингтага етди. Тарбиячилар ойлиги мактаб ўқитувчилари маошига тенглаштирилди. Келгуси йилдан Қорақалпоғистон ва барча вилоятларда “Янги авлод” боғчалари ташкил этилиши режалаштирилган.
Мактаб таълимини ривожлантириш доимий эътибор марказида бўлиб келмоқда. Шу муносабат билан янги ўқув йилидан 12 йиллик таълим тизими жорий этилади. Шунингдек, 9- ва 11-синф ўқувчилари учун ягона давлат имтиҳонлари ўтказилади. Улар натижалари орқали битирувчилар тўғридан-тўғри техникум ва олийгоҳларга кириш имкониятига эга бўлади.
Касб-ҳунар таълимида ҳам янги ташаббуслар амалга оширилади. Бир йил ичида 100 та техникумда Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой ва Корея каби давлатлар билан ҳамкорликда халқаро дастурлар йўлга қўйилади. Дуал таълим қамрови беш баробар оширилади.
Олий таълим муассасалари сони 77 тадан 202 тага, талабалар сони эса 250 мингдан 1,5 миллионга етди. Ўқитувчиларнинг ойлиги сезиларли даражада оширилди, илмий тадқиқотлар олиб бораётган олимлар фаолияти алоҳида эътироф этилди.
