Учкўприкда мактаб биноси ўзлаштирилганлиги ҳақидаги хабарларга расмий муносабат билдирилди

Учкўприкда мактаб биноси ўзлаштирилганлиги ҳақидаги хабарларга расмий муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда Учкўприк туман ҳокими мактаб биносини ўзлаштирганлиги ҳақида хабар тарқалди. Унда Учкўприк туманидаги 38-мактаб иккита бинода фаолият юритгани, янги бино қурилгач, эски бино бўш қолган, кейинчалик ўқувчилар сони кўпайгач бошланғич синфлар қайта шу бинога жойлаштирилгани, бироқ туман ҳокими уни «бўш бино» сифатида расмийлаштириб, таълим олаётган ўқувчиларни синф хоналарсиз қолдиргани айтилган.

 

 

Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Унга кўра, Учкўприк тумани Юлғунзор МФЙ ҳудудидаги 38-умумий ўрта таълим мактабининг асосий биноси 2007 йилда қурилган бўлиб, 315 ўринли. Унда 305 нафар ўқувчи таълим олиб келган. Мазкур мактабдан 300 метр узоқликда шу муассаса мақомида 1978 йилда қурилган мактаб филиали мавжуд бўлиб, унда 240 нафар бола ўқиган.

 

 

Ҳозирги кунда филиалдаги ўқувчилар асосий бинога кўчирилиб, жами 545 нафар ўқувчи 1,73 коэффициент асосида таҳсил олмоқда.

 

 

Юлғунзор МФЙ ҳудудида давлат мактабгача таълим ташкилоти мавжуд эмаслиги сабабли, ҳудуддаги кўплаб ота-оналарнинг мурожаатлари, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 2024 йил 4 ноябрдаги 5 Б/326-сонли сўров хати ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2024 йил 25 октябрдаги 05-41-3933-сонли розилик хати асосида, Учкўприк тумани ҳокимининг 2024 йил 12 ноябрдаги 310-11-162-Қ/24-сонли қарори билан 38-мактаб филиалининг бино-иншоотларини мослаштириш орқали 180 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этиш белгиланган.