АҚШда нуфузли университет битирувчиси 6 000 та ишга ариза юбориб, «тажриба етишмаслиги» сабаб ишга қабул қилинмади

АҚШда нуфузли университет битирувчиси 6 000 та ишга ариза юбориб, «тажриба етишмаслиги» сабаб ишга қабул қилинмади

Компьютер фанлари бўйича ўқиётган талабалар учун ёрқин келажак тасаввур қилинарди. Битиргач, уларга бир нечта иш таклифлари, юқори бошланғич маош ва турли имтиёзлар — бепул овқат, спорт заллари ва ҳатто офисдаги стол тенниси кутаётгандек эди.

 

 

Аммо бугун вазият ўзгарди. Технологик компаниялар оммавий равишда ходимларни қисқартирмоқда. Айрим ҳолларда улар ўзлари ишлаб чиққан сунъий интеллект ечимлари билан ходимларни алмаштирмоқда.

 

 

Орегон Стате Университети битирувчиси Зач Тайлор Тhe Nеw York Тimes га айтишича, 2023 йилдан бери у қарийб 6 мингта ишга ариза топширган. Натижада, у 13 та суҳбатга таклиф қилинган, бироқ ишга олинмаган. Ҳатто McDonaldʼs ҳам уни «тажриба етишмаслиги» сабабли ишга қабул қилмаган.

 

«Бу ҳаётимдаги энг тушкунликка солувчи тажрибалардан бири бўлди», — дейди у.

Ҳолат қандай?

 

Layoffs.fyi кузатувчиси маълумотларига кўра, 2024 йилда 551 та компанияда 150 мингдан ортиқ технология ходимлари қисқартирилган. 2025 йилнинг ўзида эса 199 та компанияда 88 мингдан ортиқ ходим ишдан бўшатилган.

 

 

Amazon, Google, Мета, Lenovo ва Intel каби йирик компаниялар 2024 йилда катта қисқартиришлар қилган, 2025 йилда ҳам бу давом этмоқда. Масалан, Microsoft жорий йил июлида яна 9 минг ходимни қисқартиришини эълон қилганди.

 

 

Аслида, сунъий интеллект қўлда бажариладиган ишларни автоматлаштириши ва ходимларга юқори қийматли вазифалар билан шуғулланиш имконини бериши керак эди. Аммо кўпчилик АI уларни бутунлай алмаштиришидан хавотирда — ва бу жараён аллақачон бошланган.

 

 

Amazon бош директори Анди Жесси ходимларга йўллаган хатда АI «ишимизни ҳозиргидан ҳам қизиқарли ва мароқли қилади», деб ёзган. Бироқ у, шу билан бирга, АI кенг қўлланилиши натижасида компания штати қисқаришини ҳам айтиб ўтган.

 

 

Бундан ташқари, кам кодли (lоw-cоdе) ва кодсиз (nо-cоdе) воситалар оддий кодлаш ишларини ҳаттоки дастурлаш тажрибасига эга бўлмаган одамлар учун ҳам осонлаштирмоқда.

 

Талабалар қандай муносабатда?

 

The New York Times га кўра, кўплаб ёш дастурчилар энди 165 минг долларлик технология ишларига умид қилмаяпти.

 

«Мен эндигина компьютер фанлари бўйича диплом олдим, ва менга интервьюга қўнғироқ қилган ягона компания Чипотле бўлди», — дейди Purdue Университети битирувчиси Манаси Мишра TikTokʼда эълон қилган видеосида.

 

Шундан сўнг, The New York Times давлат ва хусусий университетларнинг 150 дан ортиқ талабалари ва битирувчиларидан сўров ўтказди.

 

«Баъзилари юзлаб, ҳатто минглаб компанияларга ариза топширганини айтишди. Аммо кўплаб компьютер фанлари бўйича битирувчилар учун ойлаб давом этган иш қидириш жараёни кўпинча кучли тушкунлик билан, баъзан эса компаниялар томонидан жавобсиз қолдириш билан тугаган.»

 

Бу жараён фақат IТ соҳасидагиларга таъсир қилгани йўқ. Indeed Hiring Lab тадқиқотларига кўра, битирувчиларнинг учдан бир қисми дипломини «маблағни беҳуда сарфлаш» деб ҳисоблайди. Gen Z вакилларининг ярмидан кўпи (51%) эса танловидан пушаймон.

 

 

Сабаби, «коллеж маош премияси» ўсиши тўхтаган, ўқиш нархи эса сезиларли даражада ошган. Натижада талабалар катта қарз билан ўқишни тугатмоқда, лекин ҳатто McDonaldʼs да ҳам иш тополмаяпти.

 

Олдинда нима кутмоқда?

 

Нью-Йорк Федерал Резерв Банки маълумотларига кўра, 2025 йилнинг иккинчи чорагида олий маълумотли ёшлар орасида ишсизлик ўртача 5,3% бўлган. Қисман бандлик даражаси эса 41% ни ташкил этган.

 

 

Компьютер фанлари битирувчилари эса яна бир муаммога дуч келишди — ноқулай вақт. Computing Research Associationʼнинг ижрочи директори Трейси Камп айтишича, кўплаб университетлар энди-энди талабаларни АI дастурлаш воситаларидан фойдаланишга ўргатишни бошлаган.

 

 

Бироқ Меҳнат статистикаси бюроси прогнозларига кўра, 2033 йилгача компьютер билан боғлиқ касблар сони ошишда давом этади. Фақат бу сафар ўсиш оддий дастурлаш эмас, балки махсус тажриба талаб қиладиган йўналишлардан келиб чиқади — масалан, киберхавфсизлик, булутли технологиялар ва маълумотлар инжиниринги.

 

 

Чунки бу ишлар соҳа бўйича чуқур билим ва инсоний қарор қабул қилишни талаб қилади — бу эса АI томонидан осонликча такрорланмайди. Шу билан бирга, бу битирувчилар албатта яна тўрт йил ўқиб, қарз орттириши керак дегани эмас. Бир ечим — микро-сертификатлар: қисқа муддатли, аниқ кўникмаларни шакллантиришга қаратилган дастурлар.

 

 

Indeed Hiring Lab ҳисоботида таъкидланишича:

 

«Ишга қабул қилишда таълим талаблари йўқолиб кетмайди, аммо кўникмаларга асосланган ёндашувнинг кенгайиши ходимлар учун ҳозирдан кўникмаларга сармоя киритиш зарурлигини кўрсатмоқда. Бошқача айтганда, олий маълумотга эга бўлганлар ҳам қайта тайёрланишни ўйлашлари керак бўлади.»