Супер-контракт миқдори ректорлар томонидан белгиланади

Супер-контракт миқдори ректорлар томонидан белгиланади

Жорий йил табақалаштирилган тўлов-контракт миқдори ОТМ ректорлари (директорлари) томонидан белгиланади.

 

Давлат комиссияси баёнига мувофиқ, 2025-2026-ўқув йили учун кириш имтиҳонлари натижаларига кўра 56,7 ва ундан юқори балл тўплаган лекин талабаликка тавсия этилмаган абитуриентларни бакалавриат таълим йўналишларига қўшимча қабул қилишда табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорини ректор (директор) томонидан мустақил белгилаш тартиби амалиётга жорий этилади.

 

Қабул чегараларига 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 13 сентябрдаги 578-сон қарори билан тасдиқланган Низом талаблари (1-илова 73-банд)га асосан белгиланади.

 

Низомга кўра, тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган базавий тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

 

– 1,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 1,5 баробари;

– 1,06 баллдан 2,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,0 баробари;

– 2,06 баллдан 3,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 2,5 баробари;

– 3,06 баллдан 4,05 баллгача етмаган абитуриентлар учун — базавий тўлов-контракт миқдорининг 3,0 баробари.

 

Қабул чегараларига 4,05 баллдан ортиқ балл етмаган абитуриентлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорлари олий таълим муассасалари ректорлари (директорлари) томонидан базавий тўлов-контрактнинг 3,0 баробаридан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. Яъни, олдинги йилларда табақалаштирилган супер-контракт миқдори қабул комиссияси томонидан белгиланган бўлса, жорий йилда ушбу миқдорлар олий таълим ташкилотлар ректорлари томонидан белгиланади.

 

Барча олий таълим ташкилотлари томонидан 2025 йил 25 сентябрга қадар 2025-2026-ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишлари ва таълим шакллари кесимида табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорлари тасдиқланади ва расмий веб-сайтида эълон қилинади.

 

Эслатма! Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатларда ушбу миқдорлар бўйича тўлов-контрактнинг 31 октябрга қадар 50 фоизи бажарилгандан сўнг абитуриент олий таълим ташкилоти ректори (директори)нинг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.