Бурайда шаҳрида Ўзбекистон элчиси Нодир Турғунов Саудия Арабистонининг Қосим минтақаси ҳокими шаҳзода Файсал бин Мишьал Ол Сауд билан учрашди.
Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик ва келажакдаги лойиҳалар муҳокама қилинди.
Шаҳзода Файсал Ўзбекистонни ишончли ҳамкор деб атади ва Саудия фуқаролари учун 30 кунлик визасиз кириш имконияти учун миннатдорлик билдирди. У сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Ноиф аэропортидан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри парвозлар ташкил этишни таклиф қилди.
Таълим соҳасидаги имкониятлар алоҳида муҳокама қилинди. Учрашувда университетлар ўртасида меморандумлар имзолаш ва ўзбекистонлик талабалар учун грантлар ажратиш масалалари кўриб чиқилди. Бу икки мамлакат ёш авлодини яқинлаштириш ва билим алмашишни кенгайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, минтақа раҳбариятига Тошкентдаги Ислом цивилизация маркази ва Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси очилишида иштирок этиш таклифи берилди.
