Ҳудудлардаги санитар тозалаш корхоналари ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалик посбонларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида соҳада камида 10 йилдан бери ишлаб келаётган ходимлар ўртасида «Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танлови ўтказилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 августдаги 514-сонли қарорига кўра, «Табиат уйғунлиги ҳимоячиси» танловида санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи, кўп йиллар давомида садоқатли меҳнат қилган ходимлари қатнашиши мумкин.
Танловнинг навбатдаги босқичи 2025 йил 1 сентябрда бошланиб, ғолиблар 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида аниқланади ва муносиб тақдирланади.
Танлов ғолибларининг давлат олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга кирган фарзандлари ёки невараларига бир йиллик контракт суммаси, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан ортиқ бўлмаган қисми тўлаб берилади. Бунда талабалар зиммасига келгусида давлат органлари ва ташкилотларида камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.
Эслатма! Танловда қатнашиш учун аризалар 2025 йил 30-центабр соат 17:00га қадар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг info@sanitation.uz электрон почта манзилига ёки Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларига юборилиши лозим.
