Тошкент фармацевтика институтининг пойтахт марказида, «Ойбек» метро бекати ёнида жойлашган ҳозирги биноси шаҳар ташқарисига кўчирилиши мумкин. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан илгари сурилган таклифга кўра, институт Зангиота туманидаги «Tashkent Pharma Park» ҳудудига жойлаштирилади.
Бўшаган ер майдонида эса 1 000 ўринли автотураргоҳни давлат тасарруфига ўтказиш шарти билан замонавий 5 юлдузли меҳмонхона қуриш режалаштирилмоқда.
Мазкур ташаббус тунги иқтисодиётни ривожлантириш бўйича президент қарори лойиҳасига киритилган бўлиб, лойиҳа ҳужжатлари Стратегик ислоҳотлар агентлигининг расмий сайтида эълон қилинган.
Тошкент фармацевтика институти 1937 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда унинг асосий ўқув биноси пойтахт марказида жойлашган. Институт фармацевтика соҳаси учун юқори малакали мутахассислар тайёрлашда муҳим ўрин тутади.
Институтнинг янги жойлашуви сифатида белгиланган «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги тасарруфида бўлиб, Зангиота туманида, юқумли касалликлар шифохонаси яқинида фаолият юритади.
