Ўзбекистонда муҳандислик мактаблари фаолияти янги босқичга кўтарилмоқда. Ушбу таълим муассасаларида ўқув жараёни 5 йиллик STEM модели асосида ташкил этилади.
Дастурга кўра, дастлабки 3 йил давомида ўқувчилар физика, математика ва хорижий тилларни чуқур ўрганади. Кейинги 2 йил эса муҳандислик фанларига бошланғич тайёргарлик беришга йўналтирилади.
Муҳандислик мактабларини белгиланган талабларга мувофиқ тамомлаган иқтидорли битирувчиларга алоҳида имтиёз берилади: улар муҳандислик йўналишидаги олий таълим дастурларида бир йиллик давлат гранти асосида 2-курсдан тест ва қўшимча имтиҳонларсиз ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.
Мазкур ташаббус ёшларнинг илмий-техник салоҳиятини ривожлантириш ва муҳандислик соҳаларида юқори малакали кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.
