Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бош мутахассиси Лазиз Мингишовнинг Газета.узга таъкидлашича, уч йил ичида талабалар турар жойларини қуриш ва реконструкция қилиш, жойларни тақсимлаш жараёнини рақамлаштириш ва аризаларни қабул қилишнинг ягона онлайн тизимини ишга тушириш орқали вазият сезиларли даражада яхшиланди.
Унинг маълум қилишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 90 мингдан ортиқ талабанинг турар жойга эҳтиёжи бор. Ётоқхоналар уларнинг 45 784 нафарини қабул қилиш имкониятига эга. Бу эҳтиёжмандларнинг қарийб 54 фоизини ташкил этади — 2020 йилга нисбатан деярли икки баравар кўп. Ўшанда қамров 28 фоизни ташкил этган, Тошкент ОТМларида эса 13 фоиздан ошмаган эди.
2023 йилдан бошлаб талабаларни ётоқхоналарга жойлаштириш жараёни тўлиқ электрон шаклга ўтказилган. Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасалари талабаларини турар жой билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига кўра, талабалар турар жойидан ўрин ажратилишини сўраб my.gov.uz Ягона давлат хизматлари портали орқали ариза бериш мумкин. Ариза топшириш учун ОнеИД тизимидан фойдаланган ҳолда порталда авторизациядан ўтиш талаб қилинади. Шундан сўнг «Таълим» бўлимига ўтиб, «Талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш» хизматини танлаш лозим. Қўшимча ҳужжатлар тақдим этиш талаб қилинмайди. Ариза бериш бепул.
Биринчи курс талабалари қабул натижалари эълон қилиниб, уларнинг маълумотлари my.gov.uz сайти ҳамда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (собиқ Давлат тест маркази) билан синхронлаштирилгандан сўнг ариза топширишлари мумкин. 18 ёшга тўлмаган талабалар ётоқхонага жойлашиш учун фақат Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Тест департаменти (DTM) орқали ариза топширишлари имконига эга, чунки расмийлаштириш учун қонуний вакил — ота-она ёки васийнинг иштироки талаб этилади.
Электрон ариза тўлдирилгандан сўнг талабанинг маълумотлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва бошқа идоралар маълумотлар базаларига автоматик равишда синхронлаштирилади. Бу тизимга юқоридаги қарорга мувофиқ ётоқхонага жойлашиш учун устуворликни автоматик равишда белгилаш имконини беради.
Биринчи навбатда имтиёзли тоифалар: меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, етим болалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган талабалар, шунингдек, бир оиладан тўлов-контракт асосида таҳсил олаётган бир неча талабаларга ўринлар ажратилади. Шундан кейин талабаларнинг ютуқлари — олимпиадалар, танловлар, интеллектуал ўйинлар, спорт мусобақалари ва республика миқёсидаги бошқа тадбирлардаги ғалабалари ҳисобга олинади. Ётоқхонада яшовчи фаол талабалар, масалан, талабалар кенгашлари раислари ёки қават старосталари қўшимча имтиёзга эга бўлади.
«Аввал кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга ўрин берилади. Кечки ва сиртқи таълим шакли талабаларининг аризалари ушбу босқичда кўриб чиқилмайди. Кейинчалик тақсимот таълим босқичлари бўйича амалга оширилади: дастлаб бакалаврлар, сўнгра магистрлар ва кейинги таълим дастурлари талабалари. Тенг шартларда эса ким олдинроқ ариза топширган бўлса, ўша устунликка эга бўлади. Талабалар ётоқхоналарга онлайн режимда автоматик тарзда тақсимланади, бу инсон омилини истисно қилади ва жараённинг шаффофлигини таъминлайди», — дейди Лазиз Мингишов.
Аризаларни қабул қилиш 1 августдан бошланади ва ўқув йили охиригача давом этади. Агар ўрин йил давомида бўшаб қолса, электрон навбатда автоматик равишда кейинги талабага бириктирилади. Бу худди болалар боғчалари тамойили бўйича шакллантирилади: ариза талаба йўлланма олмагунча фаол ҳолатда қолаверади.
База ҳар йили 1 августдан янгиланади, шунинг учун талабалар янги ўқув йили бошланишидан олдин ўз аризаларини тасдиқлашлари лозим.
«Биз жараённи шундай ташкил этганмизки, ҳар бир тютор ўз гуруҳидаги вилоятлик талабалар билан боғланиб, тизим орқали ариза топшириш тартибини батафсил тушунтириб беради. Ҳозирга қадар онлайн ариза топширган барча талабалар ижобий йўлланмаларни олиб бўлишди. Фақат келиш ва жойлашиш қолди, холос. Бутун жараён тўлиқ тизимлаштирилган ва имкон қадар соддалаштирилган», — дейди Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий ишлар бўлими бошлиғи Шаҳзод Суяров.
Топширилган аризаларга жавоблар 2−3 кун ичида берилади. Тизим автоматик равишда танланган факультетга бириктирилган ётоқхонага йўлланма беради, унда ётоқхона рақами, қават ва хона кўрсатилади. Жойлашиш август ойининг ўрталаридан бошланади ва барча ўринлар тақсимлангунга қадар бир неча ҳафта давом этади.
2023 йил октабр ойида Олий таълим вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган давлат дастури доирасида 2026 йилгача 100 минг ўринли талабалар турар жойларини қуриш режалаштирилганини маълум қилганди. 2023 йил октабр ойи ҳолатига кўра, 26 987 ўринли 58 та ётоқхона фойдаланишга топширилган. 2025−2026 ўқув йилига қадар мамлакатда 10 мингга яқин ўринга эга яна 18 та янги ётоқхона очилди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети комплекс ёндашувнинг намуналаридан бири бўлди. Яқинда университет ҳудудида иккита замонавий бинодан иборат 1000 ўринли янги ётоқхона қуриб битказилди. Университетнинг биринчи проректори Жаббор Муҳаммадиевнинг сўзларига кўра, бино барча талабларни ҳисобга олган ҳолда қурилган: секция типидаги хоналар талабаларнинг қулай яшаши учун мўлжалланган, ҳар бир қаватда ошхона ва ҳожатхоналар мавжуд, ҳовли дам олиш ва спорт майдончалари билан жиҳозланган.
Шу билан бирга, эски биноларни капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 11 та ётоқхонадан биттаси тўлиқ қайта қурилмоқда. Қолган 10 та, жами 5437 ўринга мўлжалланган ётоқхоналар янги ўқув йилига тайёрланиб, талабалар қабул қилинмоқда. 2-центабр ҳолатига кўра, 6574 нафар талаба ариза топширган. Улардан 3637 нафари жойлашиб ҳам бўлди.
«5-центабрдан бошлаб талабаларни 1000 ўринли янги ётоқхонага жойлаштиришни бошлаймиз. Келгусида яна учта ётоқхона қуришни режалаштирганмиз. Улар фойдаланишга топширилгач, турар жой ижарасига эҳтиёж умуман қолмайди», — дея таъкидлайди Жаббор Муҳаммадиев.
Қўшни Тошкент давлат техника университетида ҳам инфратузилмани кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда бу ерда жами 4506 ўринли 9 та ётоқхона фаолият кўрсатмоқда. Яқин кунларда университетнинг яна 600 ўринли ётоқхонаси ишга тушади.
«Бугунги кунга қадар 4100 та ариза келиб тушди. Янги ётоқхона очилиши билан университет ихтиёрида 5000 дан ортиқ ўрин бўлади. Бу нафақат талабаларнинг турар жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, балки 1000 га яқин қўшимча ўрин захирасини яратиш имконини беради», — дейди Шаҳзод Суяров.
Жойлашиш 25 августда бошланди: ўша куни ётоқхоналарга 200 дан ортиқ турли курс талабалари, шу жумладан, биринчи курс талабалари жойлаштирилди. Шаҳзод Суяровнинг сўзларига кўра, барча бинолар яшаш учун зарур шароитлар: электр энергияси, газ, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган. Яшаш нархи — ойига 300 минг сўм.
Лазиз Мингишовнинг маълум қилишича, йил охирига қадар талабалар турар жойларида қўшимча 8000 дан ортиқ ўринни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Янги ва янгиланган ётоқхоналар нафақат Тошкентда, балки вилоятларда ҳам қурилмоқда, бу эса йирик шаҳарлардаги ижара бозорига юкламани камайтириш ва чекка ҳудудлардан келган талабалар учун таълим олишни қулайлаштириш имконини беради.
Ётоқхонадан жой ололмаган талабаларга ижарага уй ёки яқин атрофдаги ҳостеллардан ётоқ ўрни таклиф этилади. Лазиз Мингишовнинг сўзларига кўра, пойтахтдаги барча олий ўқув юртлари арзон турар жойлар базасини олдиндан шакллантиради ва талабаларга ҳар бир босқичда кўмаклашади. Ушбу тизим уч йилдан буён амалда бўлиб, турар жойларнинг каттагина рўйхати мавжуд.
Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент давлат техника университети ҳузурида талабаларни турар жой билан таъминлашга кўмаклашиш марказлари ташкил этилган. Август ойи бошидан буён иккита олий ўқув юрти учун саккизта чодирли павилон ўрнатилган. Талабалар ушбу марказларга мурожаат қилиб, маслаҳат, шунингдек, арзон ижара уй ва ҳостеллар рўйхати ва ижара масаласида ёрдам олиши мумкин.
«Университетимизда йилига 2000 нафар талаба ижарада яшайди. 20 август ҳолатига кўра, 3000 дан ортиқ талабани қабул қила оладиган 250 та ижара уй ва ҳостеллар рўйхати шакллантирилган. Бу асосан Талабалар шаҳарчасига яқин жойлашган ижара уйлар ва хусусий хонадонлардир. Ижарачилар икки қаватли каравот билан жиҳозланган 20−30 кишилик ҳостелларни ўзлари ташкил қилишади ва бундай маҳаллаларда 100−200 нафаргача талаба истиқомат қилиши мумкин», — дея таъкидлайди Шаҳзод Суяров.
«Факультет деканлари ва гуруҳ кураторлари ижара уйларни шахсан танлаб, манзиллар, нархлар ва мулк эгаларининг алоқа маълумотлари кўрсатилган рўйхатларни тузишади. Бизда 428 та ижара уй ва ҳостелни ўз ичига олган жами 8574 ўринли захира мавжуд. Ҳар бир рўйхатда қизлар ва йигитлар учун мўлжалланган ўринлар сони алоҳида кўрсатилган. Муносиб турар жой танлангач, тюторлар ва кўнгилли талабалар талабага ҳамроҳлик қилиб, танланган ижара уй ёки ҳостелга жойлашишига кўмаклашади», — дея қўшимча қилди Жаббор Муҳаммадиев.
Талабаларни турар жой билан таъминлаш тизимининг муҳим қисми ижара ҳақини тўлашда давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдамдир. 2021 йил май ойидан бошлаб талабаларга ижара тўловининг бир қисми қоплаб берилмоқда. Тошкент шаҳрида компенсация миқдори ойига базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари — 412 минг сўмгача, вилоятларда эса БҲМнинг ярмигача етиши мумкин.
Масалан, ОТМ вакилларининг таъкидлашича, Талабалар шаҳарчаси яқинидаги хонадонларда яшаш нархи киши бошига 800 минг сўмни ташкил этади. Давлат бунинг 412 минг сўмини қоплаб беради. Бу компенсация талабаларнинг молиявий юкламасини сезиларли даражада енгиллаштиради ва турар жой ижарасини янада арзонлаштиради.
