Чикаго университетининг Development Innovation Lab жамоаси (проф. Майкл Кремер раҳбарлигида) баҳолаган Personalized Adaptive Learning (PAL) дастури 17 ой ичида ўқувчиларда 1,9 йилга тенг билим ўсишини қайд этди. Натижа PAL жорий этилмаган мактаблар билан солиштирилган ҳолда олинган, энг сезиларли ўсиш кичик ёшдаги ўқувчиларда кузатилган.
Personalized Adaptive Learning (PAL) дастури Ҳиндистоннинг Андҳра-Прадеш штатида амалга оширилган. Дастлаб 2018 йилда 60 та мактабда синов тариқасида бошланган, кейинчалик кенгайтирилган ва ҳозирда 26 та туман бўйича 1 224 мактабни, 325 мингдан ортиқ ўқувчини қамраб олмоқда.
Дастур штат Таълим вазирлиги томонидан юритилади, Central Square Foundation стратегик ҳамкор, ConveGenius технологик ҳамкор сифатида ишламоқда.
PAL дастури қандай ишлайди?
1. Диагностика — ўқувчининг билим даражасини аниқлаш. Дастлаб ўқувчилар онлайн ёки планшет орқали қисқа тест топширадилар. Натижалар автоматик тарзда таҳлил қилинади ва ҳар бир ўқувчининг кучли ва заиф томонлари аниқланади. Бу жараён «диагностик баҳолаш» дейилади.
2. Индивидуал топшириқлар бериш. Платформа алгоритмлар ёрдамида ҳар бир ўқувчига унинг даражасига мос топшириқ танлайди. Масалан, бир синфда 30 ўқувчи бўлса ҳам, ҳар бири ўзига мос машқларни кўради. Кучли ўқувчига мураккаброқ масала, қийинланаётганига эса оддийроқ мисоллар берилади.
3. Реал вақтли қайта алоқа. Ўқувчи машқни бажариши биланоқ тизим дарҳол жавобини текширади ва изоҳли жавоб қайтаради. Агар хатога йўл қўйса, платформа унга қўшимча тушунтириш ёки ўша мавзуга оид янги машқ беради.
4. Маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш. Ҳар бир ўқувчининг бажарилган машқлари, ўтган вақти ва натижаси реал вақт режимида тизимда сақланади. Ўқитувчилар махсус панель орқали ким қайси мавзуда қийналаётганини, қайси ўқувчи олдинга чиқиб кетаётганини кўришлари мумкин. Шу асосда устоз дарс жараёнини мослаштиради.
5. Бўшлиқларни тўлдириш. Агар ўқувчи аввалги мавзуда бўшлиқ қолдирган бўлса, тизим унга олдинги даражадаги машқларни қайта беради. Бу «спираль ёндашув» дейилади — яъни ўқувчи аста-секин юқорига кўтарилади, лекин пойдеворсиз эмас. Дастур самарали ишлаши учун барча ҳудудларса техник инфратузилма (интернет/ қурилма) тенглиги таминланиши керак.
PAL олдинги дарсларнинг ўрнини тўлалигича босмайди, балки у ўқитувчи бошчилигидаги дарс жараёнига қўшимча метод ҳисобланади.
